Спорт | 21:30 / 14.09.2017
23517
2 дақиқада ўқилади

Бокс мураббийи Зиятдинбек Тойгонбоевга Ўзбекистон фуқаролиги берилди

Бокс мураббийи - Зиятдинбек Тойгонбоев ўзбек бокси ривожига катта ҳисса қўшган мутахассислардан бири. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони соҳиби бўлган Зиятдинбек - олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, Осиё чемпионлари Санжар Раҳмонов, Шуҳрат Абдуллаев ва яна кўплаб чемпионларни тарбиялаган. 

Ўзбекистонда истиқомат қилиб, мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган шахсларга  фуқаролик паспорти берилиши уларнинг конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлардан тўла фойдаланишига имконият яратмоқда.

Куни кеча Андижон вилояти ҳокимлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Андижон шаҳридаги спортнинг яккакураш турларига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Зиятдинбек Тойгонбоев ҳам фуқаролик паспортига эга бўлди

- Мутахассислигим бўйича ишлаб давлатимизга, ҳалқимизга хизмат қилаётганимдан фахрланаман, дейди мураббий. – Аммо фуқаролик паспортим йўқлиги сабаб, кўнглимнинг бир чети кемтик эди. Президентимизнинг фармони туфайли орзум ушалди, юртимнинг тўлақонли фуқароси бўлдим. Ичимда кечаётган қувончни сўз билан ифода эта олмайман.

Мураббийни вилоят спорт йўналиши мутасаддилари, ҳамкасблари ҳам қувончли воқеа билан табрикладилар.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид