Light | 16:40 / 17.09.2017
16010
2 дақиқада ўқилади

Парҳез ҳаёт давомийлигига таъсир кўрсатиши маълум бўлди

Камроқ овқатланиш керак - Филадельфияда жойлашган Темпл Университети тадқиқотчилари айнан шу фикрни инсониятга етказишга ҳаракат қилишмоқда. Авваллари олимлар таомнинг меъёрда истеъмол қилиниши тўғридан-тўғри ҳаёт давомийлигини ошириши тахмин қилинган бўлса, энди улар буни илмий исботлашнинг уддасидан чиқишди. Маълум бўлишича, жумбоқнинг ечими узоқ вақт генларда яширин бўлган. Тадқиқот натижалари Nature Communications журналида чоп этилди. 

Олимлар ўнлаб йиллар давомида уларни қийнаб келган жумбоқни ечишга муваффақ бўлишди ва тирик мавжудотлар организмларида рўй берувчи эпигенетик ўзгаришларни кам калорияли парҳез ёрдамида секинлаштириш мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишди. 

Тадқиқотчилар чуқур тартиблаш технологиясидан фойдаланиб, ёш ўтган сари турли жониворлар организмида рўй берувчи эпигенетик жараёнларнинг ўзаро алоқасини яхшилаб ўрганиб чиқишди ва натижаларни уларнинг ҳаёт давомийлиги билан боғлашди. Маълум бўлишича, организмда эпигенетик ўзгаришлар қанча кўп рўй берса, ҳаёт давомийлиги шунча қисқа бўлар экан. Шундан сўнг олимлар тажрибанинг иккинчи босқичига ўтишди: улар бу ўзгаришлар парҳез ва истеъмол қилинаётган калорияларнинг камайтирилиши билан боғлиқми ёки йўқ - шуни аниқлашга ҳаракат қилишди. 

Паст калорияли парҳезга йўналтирилган лабаратория сичқонлари ва тажриба остидаги маймунлар  кўпроқ калорияли озуқа билан боқилган назорат гуруҳига нисбатан эпигенетик ўзгаришларнинг кескин камайишини намойиш қилишди. Қон таҳлиллари хулосаларига кўра, парҳездаги маймунлар одатий меъёрдаги таомларни истеъмол қилганларга нисбатан 7 ёшга ёшроқ бўлган. Сичқонларда эса натижалар бундан-да яққол намоён бўлган. 

Олимларнинг ишонч билан таъкидлашича, парҳез  одамларга ҳам худди шундай таъсир кўрсатади. Таом калориясининг пасайиши одамларга ёшга доир касалликларни четлаб ўтишга, шунингдек ҳаёт давомийлигини оширишга имкон беради. Буёғига жиддий киришиб, ёғли ва зарарли таомларни ейишдан воз кечиш қолди, холос. 

Мавзуга оид