Жамият | 13:10 / 17.09.2017
15469
3 дақиқада ўқилади

«Санъат асари тарбия воситасига айлантирилмаслиги керак». Ўзбек театри муаммолари ҳақида

Фото: Картолог

Театрларимизни табиатида ижодга алоқадорлиги бўлмаган, ижодкорлик умрига, ҳаёт тарзига эга бўлмаган, китоб ўқимайдиган одамлар босиб кетган. Китоб ўқиш ҳақида гап кетса, Муҳаммад Юсуф, Эркин Воҳидов ва Ўткир Ҳошимовдан нарига ўтолмаганини эшитсанг, ғазабинг тошади. Пьеса ўқиш қоидасини билиш, дунё драматургиясини ўқиш ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Дунёда театр бўйича қандай йўналишлар, оқимлар, «измлар» мавжудлигидан бехабарлар ҳам топилади. Саҳнада «қилиқ кўрсата олиш»ни актёрлик деб ўйлаб саҳнани, ўзларини алдашади. Мен бу билан барча шундай демоқчи эмасман. Аммо «шундайлар» ҳам талайгиналигига кўз юмиб бўлмайди.

Театрлар ижод уйига эмас, идорага ўхшайди. Репетиция, спектакллар савиясидан кўра ҳисобот, маълумот ва шунга ўхшаш ҳужжатлар қойиллатилади. Саҳналаштириладиган спектаклга, умуман санъат асарига албатта дин, ахлоқ, жамиятнинг тартиб-қоидалари, менталитет, ҳозир қандай йил экани, ҳозир қайси мавзуни улуғлаш керак экани ва ҳоказолар аралашади. Санъат булардан баланд тушунча. У оқ-қора, тўғри-хато деган примитив қарашларга сиғмайди. Санъат асарини - спектаклни, кинони тарбия воситасига айлантириб қўйишга қаршиман. Агар санъат асари одамнинг ҳиссий англаш тафаккурини оча олса, уни ҳайратга солса, борлиқни англата олса, севдира олса, ҳамдардлик уйғота олса, у ҳолда тарбияга эҳтиёж ҳам қолмайди.

Бизда ҳақиқий ижодий қудратга эга бўлган, бу қолипларга кирмай ишлайдиган режиссёрлар четлатилади. Уларни ахлоқи тўғри келмайди деган баҳона айблов билан аслида шунчаки ўртамиёна спектакл ва асарлар билан чекланиш истакларини беркитишади. Уларнинг аввало санъат учун қилаётган иши муҳим эмасми?! Оқибатда қанчадан-қанча руҳи ҳақиқий санъат одами бўлган ижодкорлар катта депрессияга учрайди. Театрда барча нарса бору аммо яхши, кучли режиссёр бўлмаса, у ҳақиқий театр бўладими? Театрнинг ҳақиқий бошқарувчиси, эгаси режиссёрку?! Давлат театрларидан иложи борича четга суриладиган истеъдодли режиссёрлар Сайфиддин Мелиев, Авлоёқули Хўжақулиев кабиларни ўша театрларга бош режиссёр этиб таклиф қилишни, уларнинг салоҳияти, тажрибаси, мактабидан фойдаланишни эса раҳбарлар исташмайди. Валижон Умаров театр учун қилган меҳнатлари эвазига нима кўрди? «Ўзбектеатр» тугатилиб, раҳбарликдан кетгандан кейин ҳеч бир театр ундан режиссёр сифатида фойдаланишни ўйлаб кўрмаяпти ҳам.

Спектаклни, пьесани баҳолашга фақат унинг мутахассисигина ҳақли. Бизда эса театршуносларнинг фикрлари ерда қолиб, ҳукумат одамларининг баҳолари биринчи ўринга қўйилмоқда. Конституцияда айтилган демократик жамиятда цензура бўлмаслиги, фикрий ранг-баранглик эркинлиги эса амалда йўқ. Одамзот табиатида ҳамма нарса ўзининг савияси даражасида бўлишини хоҳлаш инстинкти мавжуд... Хуллас театр ўзининг ҳақиқий ўзанидан чиқиб бўлган!

Ҳуснора Рўзматова

Мавзуга оид