Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Баҳодир Йўлдошев шу йилнинг 16 май куни 76 ёшида вафот этди. Ўзбек санъати дарғаларидан бири бўлган ижодкор “Майсаранинг иши”, “Келинлар қўзғолони”, “Фармонбиби аразлади”, “Аршин мол олан”, “Қора камар”, “Нодирабегим” каби спектаклларини саҳналаштириб, ўзбек театр санъатида ўчмас из қолдирди.

Kun.uz атоқли режиссёрнинг ибратли, мазмунли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида хотира кўрсатуви тайёрлашга аҳд қилди.

“У кишининг репетицияси бир олам эди”

Фарҳод Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Баҳодир ака айни кучга тўлган, “пишган” даврида, биз улар билан ишлашимиз керак бўлган даврда кетиб қолди. Мен бахтли актёрман. Баҳодир ака билан Ўзбекистон давлат драма театрида анча йиллар бирга ишладик. “Майсаранинг иши”, “Қора камар” ва бошқа жуда кўплаб спектаклларда фаолият олиб бордик. Баҳодир ака билан дунё кездик: Германия, Шотландия, Ирландия, Англия давлатларига бордик. Бахтим шундаки, йиллар ўтиб Баҳодир ака билан яна бирга ишлашга муваффақ бўлдим.

Кутилмаган бир пайтда мени “Дийдор” театр студиясига чақириб қолдилар ва: “Фарҳод, сиз менга кераксиз, “Аршин мол олан”ни саҳналаштирмоқчиман. Сиз шу асарда мих вазифасини ўтасангиз, ёшлар сизнинг атрофингизда айланса. Султонбек ролини ўйнасангиз, бошқаларда буни кўрмаяпман”, деди.

Баҳодир ака мени жуда яхши билади. Театрда бирор актёр келмай қолса, Фарҳодни чақиринглар, дерди. “Келинлар қўзғолони”га жуда оғир вазиятда, бошқа актёрнинг ўрнига кириб келганман.

Ўша пайти Баҳодир аканинг ўзи ётоқхонадан олиб кетиб, “Алпомиш” саройида, спектакль бошланишидан олдин шу ролни берган. Менда ҳамма роль доим тайёр туришини биларди.

“Дийдор” театр студиясига келганимда, бошқа Баҳодир акани кўрдим. Астагина, мўйсафидона гапирардилар.

У кишининг репетицияси бир олам эди. Баҳодир ака жуда босиқлик билан, унақамас, бунақа, деб оҳиста гапириб, хатоларимизни тушунтирарди.

Менинг бахтим – Баҳодир Йўлдошев билан жўшқин пайтларида ҳам, донишманд бўлган вақтларидаям ишлашга муяссар бўлганимдир.

“Актёрдай яшамайсизлар, дерди”