Спорт | 21:26 / 18.09.2017
10102
2 дақиқада ўқилади

Улкан тезликда аварияга учраган мотоциклчи рекорд ўрнатиш истагида ёнмоқда

Фото: motor.ru

Газ-турбинали двигателда ишловчи мотоциклларда бир нечта тезлик рекордларини ўрнатган Зев Эйзенберг янги рекордни ўрнатишга иккинчи бор уриниб кўради. Бу ҳақда Road & Track нашри хабар бермоқда.

Эйзенбергнинг 2016 йилдаги илк уриниши муваффақиятсизлик билан тугаганди, у соатига 376 км тезликда аварияга учраган. “Бундай тезликда кўриш майдони снайпер милтиғи нишонга олгичи даражасигача кескин тораяди. Шу сабабли мен финиш чизиғини кўрмай қолиб, 300 метр тормоз йўлини бой берганман”, деб айтди Эйзенберг.

Кескин тормозлаш сабабли мотоциклчининг йиқилишидаги юкланиш 25 g га етган ва пойгачи тос суяги, қовуқ суяги, сон, елка ва икки қўл суяклари синишига учраган.

Фото: motor.ru

Эйзенберг Лидс Женерал Инфирмари шифохонасида даволаш ва тикланиш курсидан ўтиб, нормал юра бошлашидан олдиноқ мотоцикл рулига ўтиради. Дастлаб бу двигатели 200 куб см лик модел бўлган, кейинроқ у соғайгани сайин кучлироқ мотоциклларни “жиловлай бошлаган”.

Бир йил ўтиб у аварияга учраган Элвингтон аэродромига кучини тиклаш ва янгиланган мотоциклни синовдан ўтказиш учун қайтган. У бу мотоциклда соатига 322 км тезликка эришмоқчи, кейинги йилда эса ўзининг аввалги рекорди – соатига 376 км тезликни янгиламоқчи.

Мавзуга оид