Қулай фурсатни кутиб яшашни бас қилинг
Орзуларингизни ҳақиқатга айлантириш учун ўйлаган нарсангизни кейинга қолдирмаслигингиз керак. Аксарият одамлар ўзгаришлардан қўрқиб, борига қаноат қилиб яшайверишади. Улар ўзларига таниш бўлган қулайлик зонасини тарк этиб, таваккалга қўл уришмайди. Бироқ баъзан номаълумлик сари қадам ташлаб туриш ҳам керак. "Лайфхакер" шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.
Сиз билан рўй бераётган воқеалар учун масъулсиз
Оғир тақдирингиздан истаганча шикоят қилишингиз мумкин, бироқ ҳаммада ҳам қандайдир муаммолар бор. Сиз бир муаммоингизни ҳал қиласиз, кетидан бошқаси пайдо бўлади. Бу ҳаёт ва у ўз навбати билан давом этаверади.
Қулай фурсат ҳеч қачон ўзидан ўзи келмайди, ўзингиз уни яратишингиз керак бўлади.
Ҳеч ким сиз учун қарор қабул қилмайди. Бахтингиз фақат ўз қўлингизда.
Шунчаки ўзгаришларни режалаштириш эмас, ҳаракат қилиш керак
Бирор режа тузганингизда ўз мақсадингизга яқинлашаётгандек бўласиз. Аслида эса бундай эмас. Бироқ режалар қоғозда ёки орзуларда қолиб кетса, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.
Орзулар кетидан аниқ хатти-ҳаракатлар бўлмаса, ривожланишга доир ўқилган ўнлаб китоблар ёрдам бермайди.
Билимларингизни ҳаётда қўлламасангиз, 50 та китоб ва 10 онлайн-курс сизни бирор соҳа профессионалига айлантириб қўймайди. Бирор ютуққа эришиш учун ҳар куни мақсадли йўналишда ҳаракатланишингиз керак бўлади.
Ўзингизни вазият қурбонидек тутманг
Ҳар биримиз муаммоларга дуч келамиз. Уларнинг аксарияти жуда қийин, шундай бўлса-да, ҳал қилиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи бўлмайди.
Ўзингизни молиявий ёки оилавий шарт-шароитлар қурбонидек тутманг. Одамлар қандай қилиб энг қуйидан чиқиб, чўққиларни забт этганига кўплаб мисоллар бор.
Ишсизлигингизни оқлашга ҳаракат қилманг. Шунчаки енг шимариб, анчадан бери кўзлаган мақсадингизни амалга оширинг.