Жаҳон | 11:29 / 21.09.2017
10912
2 дақиқада ўқилади

Германия, Япония, Ҳиндистон ва Бразилия БМТ ХКнинг доимий аъзолари бўлишга интилмоқда

Фото: AP

“Катта тўртлик” деб аталувчи Бразилия, Германия, Ҳиндистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашув ўтказишди. Ушбу мамлакатлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигини қўлга киритиш ниятида эканликларини тасдиқлашди, деб хабар қилмоқда DPA. 

“ХКнинг ҳозирги таркиби глобал ўзгаришларни ўзида акс эттирмайди”, - дейилади учрашувнинг якунида қабул қилинган ҳужжатда. Агентликнинг қайд этишича, мазкур 4 давлат бир неча 10 йиллардан буён шундай талабни илгари суриб келади. 

Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга бўлган доимий аъзолари сифатида Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган давлатлар АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Франция ва СССР бўлган эди.

БМТ ХКни ислоҳ қилиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар бир неча йиллардан бери олиб борилади. Аммо мамлакатлар ҳозирча, асосий масалалар, жумладан БМТ ХКнинг оптимал таркиби, доимий ва муваққат аъзолари сони, вето ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича якдил фикрга кела олгани йўқ. ХКнинг доимий аъзолигига эҳтимолий номзодлар орасида Бразилия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, ЖАР ва Япония бор. Умуман, ХК сўнгги маротаба 1965 йили кенгайтирилган ва 11 тадан 15 тага етказилган. 

Мавзуга оид