Ўзбекистон | 19:03 / 21.09.2017
6121
2 дақиқада ўқилади

Консуллик-ҳуқуқий масалаларга оид мурожаатларни ўрганиб чиқиш бўйича тизимли фаолият йўлга қўйилди

Бугун, 21 сентябрь куни Миллий матбуот марказида 5 июлда ТИВ раҳбари Абдулазиз Комиловнинг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти давомида билдирилган муаммолар ва таклиф-мулоҳозаларга асосан амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Ходжаев, Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Тошходжаев, Давлат персонализация маркази директори Нажмиддин Тўраходжаев иштирок этди.

Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, брифингдан мақсад - Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 12 сентябрда чиқарилган P-5055 сонли Фармойиши асосида таъсис этилган Идоралараро ишчи гуруҳининг мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотни кенг жамоатчиликка етказиш.

Маълум қилинишича, Идоралараро ишчи гуруҳи Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат персонализация маркази ва Давлат божхона қўмитаси вакилларидан тузилган.

Идоралараро ишчи гуруҳни ташкил этишдан мақсад - фуқароларнинг консуллик-ҳуқуқий масалалари бўйича мурожаатларни ўрганиб чиқиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклашга қаратилган ҳамда ўз вақтида объектив қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ самарали идоралараро тизимли фаолиятни йўлга қўйиш билан изоҳланади.

Тадбирда таъкидланишича, Идоралараро ишчи гуруҳнинг Иш режаси тасдиқланган. У 12 тадбирдан иборат бўлиб, қуйидагиларга йўналтирилади:

  • фуқароларнинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш бўйича аризаларини кўриб чиқиш амалиётини жадаллаштириш;
  • фуқароларнинг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш;
  • фуқароларнинг хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш учун лицензия олиш тартибини соддалаштириш;
  • хорижда жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон фуқароларини Ўзбекистон пенитенциар муассасаларига ўтказишнинг ҳуқуқий шароитларини яратиш;
  • Ўзбекистон фуқароларининг ўзлари бораётиган давлатлар тўғрисидаги хабардорликларини ошириш;
  • тезкор консуллик-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш мақсадида идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини ташкил этиш.

Мавзуга оид