Жаҳон | 08:18 / 21.09.2017
5876
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Донбассда БМТ тинчликпарвар кучлари тезроқ жойлашишини хоҳламоқда

Украина президенти Пётр Порошенко чоршанба куни БМТни Донбассда тинчликпарвар кучларни тезроқ жойлаштиришга чақирди. Шу билан бирга, у Россиянинг Донбасс ва тинчликпарварлар бўйича таклифини танқид қилди, бироқ журналистларнинг бу масала бўйича бир қарорга келиш мумкинлиги бўйича саволига у ижобий кайфиятда жавоб қайтарган.

Порошенко БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида чиқиш қилар экан, ташкилотни Донбассда тинчликпарвар кучларни тезроқ жойлаштиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Украина бу масала бўйича фикрлар алмашинуви жараёнида конструктив иштирок этишга тайёр.

"Самарали тинчликпарварлик ва вазиятга ечим топиш учун йўл Украинадан барча хорижлик ҳарбийлар, ёлланма шахслар, қурол ва воситаларни олиб чиқиш орқалигина ўтади", - дея таъкидлаб ўтди у.

Украина президентининг вазирлар даражасидаги йиғилишдан сўнг журналистларга хабар беришича, бу масала бўйича бир қарорга келиш “мумкин”. Порошенко БМТ тинчликпарвар кучлари “мамлакатнинг Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудида” жойлашиши кераклигини айтди. Унинг фикрича, Донбассдаги вазиятга ечим топиш бу минтақадан “рус қўшинлари олиб чиқилмаса” имконсиздир.

Шунингдек, Украина президенти БМТ бош котибини Донбассдаги вазиятни баҳолаш учун техник миссияни жўнатишга чақирди, улар тинчликпарварлик миссиясининг жойлаштирилишга тайёргарлик кўриши керак.

Мавзуга оид