Ўзбекистон | 13:20 / 21.09.2017
42489
12 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев АҚШ сафарини якунлаб, Ўзбекистонга қайтди

Фото: БМТ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларида бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришга БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишнинг "йўл харитаси" бўлган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Президентимиз Стратегия доирасида давом эттирилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди. Жумладан, бош мақсади "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди. Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши амалда таъминланмоқда.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерриш билан мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавиий масалалар бўйича фикр алмашди. «Марказий Осиё минтақаси – ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши», деб алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош котибини 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича халқаро анжуманда шахсан иштирок этишга таклиф қилди.

Антониу Гутерриш жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Самарқандда бўлиб ўтган музокаралар якунларини юксак баҳолади. 2017-2020 йилларда БМТ, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини таъкидлади. Антониу Гутерришнинг фикрича, давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилди. Бош котиб ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

БМТ раҳбари мамлакатимиз томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидани фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Болгария Республикаси Президенти Румен Радев билан учрашди.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Икки давлат раҳбарлари 13 сентябрь куни ушбу сана муносабати билан бир-бирларини қутладилар.

Олий даражадаги мазкур учрашувда Ўзбекистон – Болгария муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан давлатларимизнинг ёндашувлари яқин экани икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга асос бўлади.

Болгария Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири. Мамлакатимизда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 миллион долларни ташкил этган. Учрашувда бу кўрсаткич мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон Болгария бозорига кимё, электр техникаси, тўқимачилик ва кабель маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, мева-сабзавот етказиб бериши мумкин. Фармацевтика, косметика, электр техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжуд.

Шунингдек, транспорт-коммуникация, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда шу жабҳаларда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга келишиб олинди.

Румен Радев Болгария Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни, Марказий Осиёда давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қадрлашини таъкидлади.

Президентимиз Болгария Президентини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди.

Грузия Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги муҳим ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўтган 8 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ошган.

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор. Грузия мамлакатимиздан мева-сабзавотлар харид қилиши, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиши мумкин.

Халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат қарор топган. Ўзбекистонда грузин миллатига мансуб фуқароларимиз мамлакатимиз ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Бу маданий-гуманитар алоқалар ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. Жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда Грузия маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтди.

Шавкат Мирзиёев ва Георгий Квирикашвили учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилишини қайд этди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик шериги эканини алоҳида таъкидлади.

Мазкур банк ва мамлакатимиз молия муассасалари ўртасида амалий мулоқотлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган.

Ўтган йили қабул қилинган 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат, шундан 3 миллиард доллари Жаҳон банки кредитларидир.

Учрашувда мамлакатимизда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди.

Президентимиз ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг улкан тажрибаси қўл келиши, Ўзбекистон банк билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда самарали микромолиялаш тизимини жорий этиш, ирригация-дренаж ва йўл-транспорт инфратузилмаларини модернизация қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Жаҳон банки президенти Ўзбекистонда банк-молия тизимини такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бизнес ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди.

Буюк мутафаккирлар замини бўлган Ўзбекистон фарзандлари бугунги кунда ҳам юксак билим ва салоҳиятини дунёга намоён этмоқда. Жумладан, кўплаб юртдошларимиз АҚШда яшаб, ўз соҳаларида катта муваффақиятларга эришмоқда. Улар орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, бу ерда яшаётган ватандошларимиз билан учрашуви уларга катта хурсандчилик бағишлади.

Америка Қўшма Штатларида сиз, қадрли юртдошларимиз билан учрашиб турганимдан ғоятда хурсандман, деди давлатимиз раҳбари. Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим.

Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман.

Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди.

Мамлакатимизда илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар бошлангани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борди.

2017 йил Ўзбекистонда халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Одамларнинг талаб ва таклифларини эшитиш, шу асосда ижтимоий-иқтисодий дастурларни белгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президентимиз қаерда бўлмасин, халқ ичига кириб, юртдошларимиз билан юзма-юз гаплашмоқда, фикр-мулоҳазаларини тингламоқда.

Мазкур учрашув ҳам очиқ ва самимий руҳда ўтди. Президентимиз учрашувга келган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқди.

Ватандошларимиз Президентимиз билан учрашиш ўзлари учун улкан шараф эканини, бундай эътибордан бошлари осмонга етганини таъкидлади. Она юртимизда илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва АҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Шавкат Мирзиёев ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга даъват этди.

Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман.

Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман, деди пировардида Президентимиз.

Учрашувга йиғилганлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди. Давлатимизнинг хорижда яшаётган юртдошларимизга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди. Ватандошларимиз мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади.

Президентимиз ватандошларимизга сиҳат-саломатлик, фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари шарафига ташкил этилган Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтган қабул маросимида қатнашди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи якунланди.

Мавзуга оид