Жамият | 15:30 / 26.09.2017
50170
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 9 фуқароси ҳаётига зомин бўлган ҳайдовчи 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Қозоғистоннинг Ойтекебий туман судида автобус ҳайдовчиси Леонид Еремеевга ўлим ҳолатларига сабаб бўлган ЙТҲ учун ҳукм чиқарилди.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Актюбинск вилоятининг Ойтекебий туманидаги Самара-Чимкент автомобиль йўлида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистоннинг 9 нафар фуқароси ҳалок бўлганди. Машинада 2 нафар ҳайдовчи ва 49 йўловчи бўлган.

Еремеев судда даҳшатли ЙТҲ ҳақида батафсил маълумот берди ва рулда ухлаб қолганлигини тан олди. Натижада, автомобиль бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқиб кетган.

Ҳайдовчи 5 йил давомида жазо муддатини колонияда ўташга маҳкум этилди ва 7 йил давомида автранспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, маҳкум давлатга процессуал харажатлар учун сарфланган 699 минг тенгени тўлаб бериши керак.

Маҳкум 9 киши ҳалок бўлган автоҳалокат учун кечирим сўради. Унинг шериги улар ҳар 4 соатда бир-бирларини алмаштириб туришганини айтган. ОАВ маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисасида омон қолган фуқаролар судда қатнаша олмадилар. Марҳумларнинг биронта қариндоши ҳайдовчига моддий даъво билан чиқмади.

Мавзуга оид