Ўзбекистон | 21:50 / 04.10.2017
59252
3 дақиқада ўқилади

Хориж ОАВ Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги нутқига қандай муносабат билдирмоқда?

Фото: Kun.uz

Мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош ассамблеяси сессиясидаги нутқи якунлангандан кейинги таассуротлари ҳамда хориж оммавий ахборот воситаларида шунга доир билдирилган фикрлар билан бўлишди. Бу ҳақида 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар берди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Усмонхон Алимовнинг сўзларига кўра, БМТ минбарида Ўзбекистон Президентининг нутқи якунлангандан кейин қарсаклар давомли бўлган. Ҳатто у ердаги давлат раҳбарлари ҳам, шунингдек мажлисни бошқариб бораётганлар ҳам Президентни бу сўзлари билан қутлашган. 

"Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған давлатмиз раҳбари Шавкат Миромоновични бағрига босиб, дунёда ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТнинг олий минбаридан туриб, ислом динининг қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорийдек улуғ алломанинг номини тилга олмаганини алоҳида таъкидлаб, таҳсинлар айтди. Буни ҳаммамиз кўрдик. 

Мисрнинг "Ал-Вақф" газетаси "Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан туриб ёшларга доир ташаббус билан чиқди" сарлавҳали катта мақоласини эълон қилди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг БМТ йиғинида ёшлар ҳуқуқини таъминлаш хусусидаги қонунни ишлаб чиқиш борасидаги таклифига юқори баҳо берилган. Айниқса, ҳозирги тезкор суръатлар билан ўсиб бораётган ахборот замонида алоҳида бир тизим ишлаб чиқиш жуда ҳам мақсадга мувофиқ экани таъкидланган. Шунингдек ҳозирда ёшлар учун муносиб шароитлар яратиш ва экстремистик ғоялар қаршисида тўсиқ қўйиш жуда ҳам қийинлиги, бунга эришишнинг бирдан бир йўли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани қайд этилган. 

Бундан ташқари, яна бир араб ахборот агентлигининг хабар беришича, дунёдаги террор таҳдидига қарши куч ишлатиш у қадар манфаат бермаётгани таъкидланди. Мақолада Ўзбекистон бу борада фаол иш олиб бориб, тинч йўл билан, яъни маърифат билан кураш олиб боришга барчани даъват этаётганига алоҳида эътибор қаратилган. 

Бу хориждаги ОАВнинг Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқларига берган баҳоларидир. 

Ғарб нашрларида ҳам Президентимизнинг "Энди фуқаролар давлат ташкилотларига эмас, давлат ташкилотлари фуқароларга хизмат қилиши керак" деган гапларига урғу берилган. Инсон ҳуқуқлари масаласида қилинган ижобий ишлар юқори баҳоланган. 

Шунингдек яна бир ғарб нашрида Ўзбекистон учун ҳозирги давр - тараққиёт даври экани таъкидланиб, одим қадамларнинг ташланиши Президент томондан ишончнинг мустаҳкамланганлигини таъкидлайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар аҳолининг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончини мустаҳкамлаши айтиб ўтилган", - дейди Мусулмонлар идораси раиси.

Мавзуга оид