Абрамовичга «Челси»дан нима фойда?
2003 йилнинг июль ойида у ёки бу жиҳатидан бутун одамзодни қизиқтирган бойлик ва футбол катта шов-шув билан бир нуқтада кесишди ҳамда бу воқеа Англия ва Россияда ҳамма жойдан ҳам кўра кўпроқ акс-садо берди.
Россиялик миллиардер Роман Абрамович Лондоннинг «Челси» клуби акцияларининг назорат пакетини сотиб олди.
Оммавий ахборот воситалари бу ҳақда шунчалик кўп ёритишдики, Абрамовичнинг ўзи ҳам интервьюларининг бирида бу харид бунчалик ваҳимага сабаб бўлишини кутмаганлигини эътироф этди. Россияликлар иқтисоди энди-энди тикланаётган ўз давлатларидан шунча пул олиб чиқиб кетилишидан, англияликлар келиб чиқиши ҳам, топаётган пулларининг манбаси ҳам ўз шахсияти сингари мавҳум бу миллиардернинг Туманли Альбион рамзларидан бирига эгалик қилишидан норози оҳангда бонг уришарди. Орадан йиллар ўтди. «Челси» Абрамович орзу қилганидек дунёнинг энг етакчи жамоаларидан бирига айланди. Зеро 2003 йилдаёқ тузилган ривожланиш дастурига кўра, 2010-2011 йилга келиб «Челси» энг қимматбаҳо клубга айланиши кўзда тутилганди. Лекин ҳали-ҳануз кўпчиликни бир савол қийнайди. Абрамовичга «Челси» дан нима фойда?!
Дастлаб, Абрамович айни шу харид учун махсус ташкил этган «Chelsea Limited» фирмаси «Челси»га эгалик қилувчи «Chelsea Village» компаниясидан клубнинг 50,09 фоиз акциясини номинал қиймати 1 пенс бўлган ҳар бир акция учун 35 пенсдан пул тўлаб сотиб олди. Ўша пайтларда «Челси» бой тарихга эга, турнир жадвалида юқори ўринларда бўлсада, қарз ботқоғига ботаётган, иқтисоди анчагина ночор клубга айланиб қолган эди. Абрамович «Челси» учун 140 млн. фунт стерлинг сарфлаш билан бирга унинг 90 миллион миқдордаги қарзларини тўлашни ҳам ўз зиммасига олди. Бу харид орқали Роман Абрамович Англия футбол клубини тўлиқ сотиб олган биринчи чет эллик бўлди. Шу ойнинг ўзидаёқ «Челси» Римдаги «Фламинио» стадионида «Лацио»га қарши ўртоқлик учрашувида, Абрамович ва оиласи кўз ўнгида 0:2 ҳисобида ютқазди. 25 сентябрга бориб Абрамович акцияларининг миқдори 97,01 фоизга етди ва миллиардер Англиянинг энг яхши футбол менежери ҳисобланадиган Питер Кеньонни «МЮ»дан авраб олиб келди. 2004 йилнинг январидаёқ Абрамович «Челси»нинг 100 фоизлик хўжайинига айланди ҳамда бор куч ва пулларини клубни ривожлантириш учун сарфлай бошлади.
Биринчи навбатда у италиялик мураббий Клаудио Раньерини шартномаси муддати тугамасданоқ ишдан бўшатди ва Англия футболи учун рекорд сумма - 6 миллион фунт товон тўлади. 2 июнда клубга ҳафтасига 100 минг фунт маош эвазига Чемпионлар Лигаси ғолиби Жозе Моуриньо бош мураббий этиб тайинланди. Абрамович «Порту» билан шартномани муддатидан аввал бузган мураббий учун 1,7 миллион фунт тўлаб берди. Шундай қилиб мураббий операциясининг ўзиёқ миллиардер ҳамёнини деярли 12 млн фунтга камайтирди. 2004 йилни «Челси» рекорд сумма - 88 миллион фунт зарар билан якунлади. Лекин шу билан бирга клуб 152 миллион фунт пул ҳам ишлаган, бу олдинги йилларга нисбатан 40 фоизга кўпроқ эди. Футболчиларнинг маоши икки баробар ошган ва 115 миллион фунтни ташкил қилганди. Солиштириш учун, 2004 йилда «Манчестер Юнайтед» футболчиларининг жами маоши миқдори 77 миллион фунт бўлган.
2005 йилнинг 27 февралида «Челси» Абрамович давридаги биринчи соврин – Англия Кубогини қўлга киритди.
Ўша йилнинг май ойида эса «аристократ»лар 50 йил ичида илк бор мамлакат чемпиони бўлди.
«Челси»нинг ютуқлари билан бирга Абрамовичнинг шуҳрати ҳам ошгандан ошиб бораверди. Миллиардер футбол фанатларининг ҳақиқий ёқимтойига айланди. Ўшанда Англия матбуоти Абрамович ва «Челси» иттифоқининг иқтисодий томонини таҳлил қилди ва оммага ақл бовар қилмас фактларни тақдим этди. Маълум бўлишича, «Челси»га эгалик қилган даврида миллиардер кунига 1 млн. фунт стерлингдан кўпроқ маблағ сарфлаган экан (670 кун ичида 683,4 миллион). Йил якунига кўра, клубнинг зарари 100 миллион фунтдан ошди. 2006 йилда «Челси» яна чемпион бўлди ва шу билган бирга зарарлари ҳам камая борди.
2007 йилга келиб ОАВда «Абрамович «Челси»ни сотармиш», деган гаплар оралаб қолди. Бунга сабаб миллиардернинг Сочи олимпиадасига 1 млрд доллар маблағ ажратиши лозимлиги, хотини Ирина билан ажрашиши туфайли йирик товон тўлаётгани ва ниҳоят катта сарф-харажатлардан чарчагани кўрсатилди. Лекин Абрамовичнинг вакили Жон Манн барча миш-мишларни рад этди ва «Челси» миллиардер учун узоқ муддатли лойиҳа эканлигини ва унга сарфланадиган пул Абрамович бойлигининг арзимас қисмини ташкил этишини айтиб ўтди. Вакилнинг гаплари тез орада ўз исботини топди. Абрамович 10 млн фунт пул тўлаб, Жозе Моуриньони ишдан бўшатди ва эски қадрдони Авраам Грантни бош мураббийликка тайинлади. Лекин 2007-2008 йилги мавсумда илк бор Чемпионлар лигаси финалигача етиб борган «аристократ»лар Москвада «МЮ»дан аламли тарзда мағлубиятга учрашди ва Абрамовичнинг Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритиш орзуси яна амалга ошмай қолди.
Боз устига Моуриньо ишдан бўшатилганидан норози бўлган фанатлар «Челси» соҳибини эътирозларга кўмиб ташладилар. Абрамович ўйинларни кузатиш учун «Стэмфорд Бриж»даги ВИП ўриндиқлари сонини 10тадан 27тага оширишга мажбур бўлди. Олдинлари биргина тансоқчи кузатувида стадионга ташриф буюрадиган миллиардер эндиликда ўнлаб тансоқчилар қуршовида ўйинни томоша қила бошлади. Абрамович шахсан ўзи бормаслиги учун Кобҳэмдаги «Челси» базаси энг сўнгги русумдаги видеокузатув тизими билан жиҳозланди ва миллиардер дунёнинг исталган нуқтасидан иш жараёнини кузатиш имконига эга бўлди. Бу базадаги бутун биноларни ва 34та (!) майдонни буткул қайтадан барпо этиш Абрамовичга 20 млн фунтга тушганди.
Миллиардернинг умумий харажатлари 1 млрд долларга яқинлашди ва ҳаммани яна ўша савол қийнай бошлади – Абрамовичга бу лойиҳа нимага керак?!
Бу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Дунёда минглаб миллиардерлар бордир, лекин Абрамович битта. Биз мингтасини эмас, ўша биттани таниймиз;
2.Англия футбол ватани бўлиш билан бир пайтда дунё маданияти ва бойлиги маркази ҳисобланади. Зодагонликнинг асл кўриниши Англияда. Шундай экан, бу давлатга кириб бориш ва эътибор қозониш учун «аристократ»лар клубини сотиб олишдан ҳам кўра кучлироқ ғоя бўлиши мумкинми?!;
3. Футбол ўйнамаган Роман Абрамович учун футбол оламига кириб бориш болаликдаги орзу эди. Йиллар ўтиб катта бойликка эга бўлганида мўлжал ҳам шунга яраша бўлди. Болалик орзуси учун, энг кучли давлат, энг тезкор чемпионатдаги энг зўр клуб учун қанча пул сарфласа арзийди ахир;
4. Дунё бўйлаб кезадиган Абрамович учун турли тоифадаги одамлар билан учрашганда ташриф қоғозидаги ёки имзоси ёнига илова қилинадиган «Челси» соҳиби» деган ном жуда нуфузли ҳисобланади.
Абрамовичнинг 2003-2004 йилларда тузилган ривожланиш дастурига кўра, «Челси» 2010 йилда фойдага кирадиган ва 2014 йилда биринчи рақамли футбол брендига айланадиган клубга айланиши лозим эди. Бу режа кўнгилдагидек амалга ошди ва айтиш мумкинки, бугунги «Челси» ҳар қандай клуб билан бемалол беллаша олади. Шунча пастга шўнғишга қарамасдан узоқ кутилган ЕЧЛ чемпиони ва қаторасига Англида биринчи бўлганлиги бунинг яққол исботидир.
Аброр Зоҳидов.
Шу ўринда латифа
Роман Абрамович детектив ва жангари фильмлар томоша қилишни ёқтирмайди. Чунки у арзимаган 10-15 миллион пул учун одамлар бир-бирларини нега ўлдираётганларини мутлақо тушунмайди.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
12:56 / 22.09.2024