Спорт | 12:56 / 22.09.2024
14935
20 дақиқада ўқилади

«Реал»да яна бир жароҳат, «МЮ»да омадсизлик. Кун ўйинлари

Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Фото: David Ramos/Getty Images

Испания: «Реал»нинг ўйинларини иккинчи бўлимда кўриш керак

«Реал» — «Эспанол» 4:1
Голлар:
Карваҳал (58), Родриго (75), Винисиус (78), Мбаппе (90, пеналти) — Куртуа (54, автогол).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Милитао, Карвахал (Васкес, 59), Чуамени, Беллингҳэм (Рюдигер, 84), Валверде, Модрич, Гулер (Винисиус, 55), Родриго (Эндрик, 84), Мбаппе.
«Эспанол» – Гарсия, Ромеро, Техеро (Агуадо, 76), Кабрера, Кумбула, Ал Ҳилоли, Крал, Лосано (Грагера, 67), Каррерас (Кардона, 76), Пуадо (Милья, 81), Шеддира (Велис, 46).
Огоҳлантиришлар: Лосано (10), Мбаппе (32), Валверде (61), Гарсия (74), Беллингҳэм (81), Винисис (82), Ромеро (88).

«Реал» ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида оғир ўйин ўтказганди. Шунинг учун, Анчелотти жиддий ротация ўтказди. 6-тур ўйинида Винисиус захирада қолдирилди, ҳимоя тўртлигидан стартда фақат Карваҳал чиқди, у ҳам бошқа позицияда (ўзининг ўнг қанотига қайтди).

Ўйин Беллингҳем яккакураш чоғида газонга йиқилиб, елкасини ушлаганча ётиши билан бошланди. Англиялик яримҳимоячи мавсум бошини ҳам ўтказиб юборганди ва янги жароҳат «Реал» учун жиддий муаммо бўлиши мумкин. Аммо кўп ўтмай Жуд ўйинни давом эттира олди.

Таркибдаги мураккабликларга қарамай, «Реал» кучлироқ кўринди. 11-дақиқадаёқ Гулер бош билан тўп ташлаб берди, Мбаппе эса бу вазиятда ҳисобни очиши керак эди. Француз тўпни кўкраги билан ўзига яхши бўйсундириб олди, аммо бир неча метрдан йўлланган зарба дарвозабоннинг ўзига борди. Мбаппеда бошқа вазиятлар ҳам бўлди, аммо уларнинг бирортасидан фойдаланилмади. «Эспанол» ўз дарвозаси атрофида тартиб билан ҳимояланди ва катта куч билан ҳужум уюштирмади.

Мбаппе эса ҳакам қарорига очиқ норозилик билдиргани учун огоҳлантирилди. Килиан чиндан ҳам офсайдда бўлган ва ҳимоячини туртганди, аммо трибунадагилар Испания футбол федерациясидаги коррупция ҳақида қўшиқ куйлай бошлади.

Аммо чиндан шундай бўлган тақдирда ҳам Карло Анчелотти жамоаси бу мавсумда саккиз ўйиннинг биринчи бўлимларида гол уролмаганини изоҳлай олмайди. Бу сафар ҳам 45 дақиқаликдаги 14 зарба (6 таси дарвоза соҳасига тўғри борган) ёрдам бермади.

Каталонлар жамоаси бу ёзда катта қийинчилик билан бўлса-да ла лигага қайтди, дастлабки турлардан кейин эса турнир жадвали ўртасига жойлашиб олди. 41-дақиқадаги эпизод ўйиндаги ҳал қилувчиси бўлиши мумкин эди, аммо бундай бўлмади. Кабрера тўпни назорат қилди, аммо ўзини таъқиб қилган Фран Гарсиянинг юзига уриб юборди. Катта эҳтимол билан, бу тасодифан бўлди, аммо уни эҳтиётсизлик туфайли қилинган фолга ҳам ўхшарди. Агар бундай эпизод майдон марказида рўй берганида, ҳакам буни фол деб ҳисоблаши мумкин эди. Бу ҳолатда эса пеналти берилмади.

Иккинчи бўлимда эса барчаси қизиб кетди. Куртуа фавқулодда хатога йўл қўйди. Қанотдан узатилган оддий ва манзилсиз пасдан кейин тўп нотўғри жой танлаган белгияликнинг орқасига тегиб дарвоза тўрига кириб кетди. «Реал» ички чемпионат ўйинларида апрел ойидан буён илк бор ўз уйида гол ўтказди, ўшанда Мадридга «Барселона» меҳмон бўлганди.

Анчелотти дарҳол реакция қилиб, Винисиусни майдонга ташлади. Тўрт дақиқа ўтиб «Эспанол» дарвозабони ҳам ишончсиз ҳаракат қилди. Беллингҳэм жарима майдонида босим қилиб, тўпни олиб қўйди ва уни дарвозабон ҳудудига узатди, Гарсия эса тўқни қўлтиғи остидан ўтказиб юборди, Карваҳал дарвоза чизиғи устидан тўпни тўрга тепиб юборди.

Ҳисоб 1:1 эканида «Эспанол» имкон топиши билан вақт чўзишга ҳаракат қилди. Меҳмонлар газонга ётиб олишдан тортинишмади, дарвозабон тўпни ўйинга киритишда ҳаяллагани учун сариқ карточка олди. Аммо бу ёрдам бермади. «Реала» 75-дақиқада ғалаба голини урди. Винисиус чап қанотдан шведка услубида (оёғининг ташқи қисми билан) пас узатди, тўпга етиб борган Родриго осонлик билан дарвозани ишғол этди.

Моҳиятан шу гол билан ўйин тақдири ҳал бўлди, кейин «Эспанол» ўйини бузилиб кетди ва мезбонларга учинчи гол совға қилинди. «Реал» алоҳида прессинг уюштирмасдан ҳам рақибдан тўпни олиб қўйди ва кенгликдан унумли фойдаланди – Мбаппе ассист берди, Винисиус ҳужумни якунлади ва голни француз шериги услубида нишонлаб, миннатдорчилик билдирди. Ўйин охирида эса Эндрик жарима майдонида рақибни ажойиб усулда алдаб ўтиб, пеналти ишлади, Мбаппе бундан фойдаланди – 4:1. 

Бу оқшомда «Реал» фанатларини ўйлантирадиган ягона нарса – Беллингҳэмнинг елкаси. Англиялик футболчи алмаштирилганидан кейин ҳам шу жойини ушлаб ўтирди.

Олдинда «Атлетико» билан дербида ҳақиқий синов кутмоқда.

Англия: Эмерида камбэк, «Ливерпул» сенсацион мағлубият учун айбини ювди

«Вест Ҳэм» — «Челси» 0:3
Голлар:
Жексон (4, 18), Палмер (47).
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Килмен, Алварес (Солер, 54), Мавропанос, Эмерсон (Крессуэлл, 73), Лукас Пакета (Ирвинг, 72), Родригес (Соучек, 38), Уан-Биссака, Қуддус, Саммервилл (Антонио, 54), Боуэн.
«Челси» – Санчес, Кукуреля, Колуилл, Адарабиойо, Фофана (Дисаси, 57), Фернандес (Дюзбери-Ҳолл, 84), Кайседо, Палмер (Феликс, 64), Санчо (Нету, 57), Мадуэке, Жексон (Нкунку, 64).
Огоҳлантиришлар: Фофана (45), Соучек (47), Алварес (49), Кукуреля (71), Килмен (77), Антонио (83).

Хулен Лопетеги «Вест Ҳэм» бош мураббийи этиб тайинланиши аввалбошдан саволлар туғдирганди ва ҳозирча «болғачилар»нинг натижалари яхши таассурот қолдирмаяпти. Беш турда атиги бир ғалабага эришилди, жамоа фақат дастлабки беш дақиқаликда ўтказилган голлар сони бўйича «пешқадамлик»ни ҳеч кимга бермаяпти. Шанба кунги ўйинда Жексон тўртинчи дақиқада урган биринчи голи — рақиб бу мавсумда ўтказган бешинчи тезкор голи бўлди. Кейин эса сенегаллик форвард «Челси» учун Лондон дербиларидаги энг тезкор дубл (18 дақиқада) муаллифига айланди. Бу футболчи қўшнилар билан ўйинларни ёқтиради, у АПЛ нафақат «Вест Ҳэм»га, балки «Тоттенҳэм»га ҳам тўртта гол урган. Дебют мавсумида танқидга учраган Жексон вақт ўтиб жамоанинг энг сермаҳсул футболчиларидан бирига айланди. У икки голдан ташқари иккинчи бўлимда Палмерга ассистентлик ҳам қилди. Ёзда Лондон клубига ўтган Санчо эса Жексоннинг голларидан бирига ҳаммуаллиф бўлди. У янги жамоаси сафида икки ўйинда ўтган мавсум давомида «МЮ» сафида берган голли узатмаларини (2) такрорлади.

«Ливерпул» — «Борнмут» 3:0
Голлар:
Диас (26, 28), Нунес (37). 
«Ливерпул» – Келлеҳер, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд, Мак Аллистер, Гравенберҳ, Собослаи (Жонс, 61), Диас (Гакпо, 72), Салоҳ, Нунес (Киеза, 72).
«Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Ҳейсен, Забарный, Араухо (Смит, 70), Кристи (Скотт, 69), Кук, Таверние, Клюйверт (Уаттара, 46), Семенйо (Синистерра, 70), Эванилсон (Унал, 76).
Огоҳлантиришлар: Кристи (1), Клюйверт (18), Ҳейсен (45+3), Конате (60), Кук (87).

Ўтган турда ўз майдонида «Ноттингҳэм»га ютқазган «Ливерпул» аламини «Борнмут»дан олди ва ғалабали режимга қайтди, мезбонларнинг ҳисобга олинмаган бир голига меҳмонлар учта гол билан жавоб қайтарди. Бу голлардан дастлабки иккитаси Диас ҳисобига ёзилди, у мавсумдаги голлари сонини 5 тага етказди ва тўпурарлар пойгасида фақат «ўзга сайёралик» Ҳоланддан (9) ортда қолмоқда. Колумбиялик ҳужумчининг биринчи муваффақияти — Конатенинг узоқдан берган пасидан кейин урилди — бу вазиятда Кепа ҳам қўпол хатога йўл қўйди. У Диас биринчи бўлиб етиб келиши кўриниб турган тўпга улгуриш мақсадида жарима майдонини ташлаб чиққанди.

Иккинчи голда эса Александер-Арнолднинг хизмати беқиёс бўлди, ушбу ҳимоячи «Ливерпул» сафида гол ва пас бўйича очколарини 100 тага етказжди (19 гол ва 81 узатма). Агар фақат АПЛ ўйинлари ҳисобга олинса, Трентдаги ассистлар сони 59 та бўлади. Шанба куни у клуб тарихидаги энг яхши кўрсаткичлар бўйича Стив Макманаманни ортда қолдирди ва энди фақат Стивен Жеррард (92) ҳамда Салоҳдан (72) ортда қолмоқда. Мисрлик ҳужумчи ҳам бу ўйинда апрелдан буён рақиблар дарвозасини ишғол этмаган (14 ўйин) ва захирага ўтириб қолган Нунесга гол уришда ёрдам берди. Аммо Арне Слот унга имкон бериши билан уругвайлик ҳужумчи жарима майдони бурчагидан туриб чиройли айланма зарба билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

«Астон Вилла» — «Вулверҳэмптон» 3:1
Голлар:
Уоткинс (73), Конса (88), Дуран (90+4) — Куня (25). 
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин (Бэйли, 46), Пау Торрес, Диего Карлос, Конса, Тилеманс, Онана (Баркли, 62), Рэмзи (Дуран, 62), Макгинн (Матсен, 46), Рожерс, Уоткинс (Буэндиа, 90+9).
«Вулверҳэмптон» – Жонстон, Аит-Нури, Доусон, Москера (Буэно, 82), Семеду, Андре, Матеус Куня, Лемина, Гомес (Дойл, 82), Беллгард (Гомеш, 71), Ларсен (Гедеш, 65).
Огоҳлантиришлар: Аит-Нури (7), Семеду (16), Гомес (27), Торрес (28), Лемина (61), Рожерс (75), Москера (81), Баркли (90+11), Куня (90+12).

Бир ҳафта муқаддам «Астон Вилла» «Эвертон» билан ўйинда ажойиб камбэк намойиш этиб, 0:2 ҳисобини 3:2 кўринишига ўзгартирганди. «Вулверҳэмптон» эса Бирмингҳэмдаги ўйинда ҳисобни очганига қарамай, бу устунликни ушлаб қолиши даргумон эди. Ўтган турдан гол уришни бошлаган Олли Уоткинс бу ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳам дарвозани ишғол этиб, «Вилла Парк»да АПЛ ўйинларида урилган голлар сони бўйича клуб рекордини такрорлади. У яна бир аниқ зарба бериш билан бундай голлар сонини 49 тага етказади ва Агбонлаҳорни ортда қолдиради. Унаи Эмери жамоасига ғалабани ҳимоячи Конса тақдим этди, у бурчак зарбаси ижро этилганидан кейин жарима майдонини тарк этишга шошилмади ва ҳужум давомида Тилеманснинг узатмасини дарвоза тўрига йўналтириб юборди.

Роджерс яна бир бор кучли ўйин ўтказиб, икки голга ассистентлик қилди. Дураннинг захирадан тушиб гол уриши эса — «Вилла» ўйинлари дастуридаги мажбурий пунктга айланиб қолган. Колумбиялик ҳужумчи қаторасига уч турда гол урди. Дуран ўзига берилган вақтдан унумли фойдаланмоқда ва ўртача ҳар 80 дақиқада рақиблар дарвозасини ишғол этиб, бу борада фақат Ҳоланддан ортда (79) қолмоқда.

«Тоттенҳэм» — «Брентфорд» 3:1
Голлар:
Соланке (8), Жонсон (28), Мэддисон (85) — Мбеумо (1). 
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи, ван де Вен, Ромеро, Порро (Грэй, 88), Мэддисон (Бергвалл, 88), Бентанкур (Биссума, 63), Кулусевски, Сон, Соланке (Мур, 88), Жонсон (Сарр, 70).
«Брентфорд» – Флеккен, Айер (Роэрслев, 79), Люис-Поттер, Коллинз, Пиннок, ван дер Берг, Дамсгор (Конак, 79), Янелт, Ярмолюк (Шаде, 63), Мбеумо, Карвалю (Тревитт, 87).
Огоҳлантиришлар: ван де Вен (39), Айер (58), Франк (59), Биссума (66), Мэддисон (86).

Ангелос Постекўғли бошқарувидаги «Тоттенҳэм» ҳеч қачон зериктирмайди. Ўйиндан олдин мураббий жамоанинг янги ҳужумчиси Соланкени ҳимоя қилиб чиқиб, у ҳақида танқидий савол берган журналистга хулоса қилишга шошилмаслик ва йога билан шуғулланишни маслаҳат берганди, форвард эса мураббийнинг қўллаб-қувватловига «шпорлар» футболчиси сифатидаги илк голи билан миннатдорчилик билдирди. Шунга қарамай, у — АПЛнинг ўтган мавсуми бошидан буён камида 20 гол урган олти футболчидан биридир! Бу гол Соланке учун ҳам, 22-сониядаёқ гол ўтказиб юборган жамоа учун ҳам муҳим эди.

«Тоттенҳэм»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан Жонсоннинг ҳам ўз тарихи бор. «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан кейин уэлслик футболчи ижтимоий тармоқлардан бирида ҳақоратга кўмилди ва ўз аккаунтини ўчириб ташлашга мажбур бўлди, бир ҳафта ўтиб эса муҳим голни урди. Унга бунда Сон Хин Мин паси билан ёрдам берди, жамоа сардори учинчи голда Мэддисонга ҳам ассистентлик қилди ва «шпорлар» сафидаги голли узатмалари сонини 64 тага етказди. Бу орқали Эриксен ортда қолдирилди, олдинда эса фаолиятини анча вақт олдин якунлаган Даррен Андертон (67) қолган. Катта эҳтимол билан, кореялик ҳужумчи жорий йил охиригача рекордни ўзиники қилади.

«Кристал Пэлас» — «Манчестер Юнайтед» 0:0
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Ричардс, Геҳи, Лакруа, Эзе (Шлупп, 90+1), Нкетиа (Ҳюз, 66), Митчелл, Муньос, Камада, Уортон (Лерма, 46), Матета (Сарр, 46).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Мартинес, де Лигт, Мазрауи, Эриксен (Угарте, 76), Майну, Фернандеш, Гарначо, Диалло (Ҳойлунд, 76), Зиркзе (Рэшфорд, 61).
Огоҳлантиришлар: Гарначо (36), Мартинес (63), Ҳендерсон (63), Ҳюз (83), Лакруа (90+5).

Ҳафта ўрталарида «МЮ» Лига кубогида йирик ҳисобда ғалабага эришди, «Барнсли» дарвозасига (7:0) ҳатто Антони гол урди. Аммо «Кристал Пэлас» майдонида барчаси силлиқ кечмади. Биринчидан, меҳмонлар бир неча бор қулай позициялардан фойдалана олмади. Иккинчидан, мезбонлар дарвозабони Ҳендерсон ажойиб ўйин кўрсатди. Қолаверса, Эрик тен Ҳаг жамоасининг омади ҳам келмади. Буни яққол ифодаловчи вазиятни — фақат футбол симуляторларида кўриш мумкин, чунки реал ҳаётда бир ҳужумнинг ўзида икки бор тўсинни нишонга олишнинг ўзи қийин. Аммо Гарначо ва Бруну Фернандеш билан айнан шундай ҳолат кузатилди.

Жавоб ҳужумида Эзе гол урганида янада аламли бўларди, аммо у марказга йўллаган зарба Онанага катта қийинчилик туғдирмади. Якунда камерунлик дарвозабон ҳам қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди, у иккинчи бўлим ўрталарида бир ҳужум давомида иккита сейв амалга оширди. Бу оқшомнинг яна бир омадсизи Эзе ўн метр масофадан туриб бурчакни аниқ нишонга ола ололмагач, бу оқшом кимга кўпроқ омад кулиб боққанини айтиш ҳам қийин бўлиб қолди. Шуниси аниқки, бу дарвозабонларга аталган оқшом бўлди. Онана ҳам, собиқ жамоасига қарши ўйнаган Ҳендерсон ҳам xG бўйича 1,65 кўрсаткич қайд этилган ҳолатда еттитадан сейв амалга оширишди.

Италия: туринча қурғоқчилик

«Ювентус» — «Наполи» 0:0
«Ювентус» – Ди Грегорио, Камбиязо, Бремер, Калулу, Савона, Локателли, Маккенни (Тюрам, 80), Копмейнерс, Йилдиз, Гонсалес, Влаҳович (Веа, 46).
«Наполи» – Мерет (Каприле, 36), Оливера, Буонжорно, Раҳмани, Ди Лоренцо, Лоботка (Гилмур, 87), Замбо-Ангисса, Кварацхелия (Нерес, 73), Мактоминей, Политано (Фолоруншо, 73), Лукаку (Симеоне, 72).
Огоҳлантириш: Маккенни (33).

Тиагу Мотта бир вақтлар Антонио Конте бошқарувидаги Италия миллий жамоасида ўйнаганди. Уларнинг ўзаро қарама-қаршилигидаги ўйиннинг эса кўпроқ қисмида ўқитувчининг жамоаси кучлироқ кўринди. Масалан, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Ди Грегорио стандарт вазиятдан кейин ижро этган сейв «Наполи» дарвозабонида бўлмади. Аниқроғи дарвозабонларида, чунки мавсум стартини ёрқин ўтказган Меретни биринчи бўлимдаёқ алмаштиришга тўғри келди ва ўтган мавсумни ижара асосида «Эмполи»да яхши ўтказган ҳамда тажриба тўплаб Неаполга қайтган Каприле дарвозани қўриқлайдиган бўлди.

Аммо агар Копмайнерснинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борганида, дарвозабон нимадир қила олиши даргумон эди. Бу оқшом ҳимоячилар ҳужумчилардан яхшироқ ҳаракатланганини кўрсатувчи яна бир ҳолат Конте Кварацхелия ва Лукакуни анча эрта алмаштириб юборгани бўлди. «Бянконерилар» мухлислари белгиялик ҳужумчини кучли ҳуштакбозлик билан кузатиб қўйишди. Бир йил муқаддам улар унинг кутилаётган трансферига қарши акция ўтказишган, ҳужумчи якунда «Рома» сафига ўтганди. Бу ўйинда бошқа ёдда қоларли воқеалар бўлмади. «Юве» эса қаторасига учинчи бор 0:0 ҳисобини қайд этди, бунақаси охирги бор 1992 йилда, Жованни Трапаттони ишлаган вақтда кузатилганди.

Германия: йирик ҳисобдаги ғалаб — кундалик юмушга айланди

«Вердер» — «Бавария» 0:5
Голлар
: Олисе (23, 60), Мусиала (32), Кейн (57), Гнабри (65). 
«Вердер» – Цеттерер, Юнг, Штарк, Пипер (Малатини, 79), Агу (Деман, 87), Вайзер, Стаге (Альверо, 66), Линен, Шмид, Грюлл (Кен, 46), Дукш (Топп, 46).
«Бавария» – Улрайҳ, Дэвис, Ким Мин Жэ, Упамекано, Лаймер (Геррейру, 57), Павлович (Палиня, 70), Киммих, Олисе (Сане, 70), Коман (Гнабри, 56), Мусиала, Кейн (Мюллер, 76).

Ҳафта ўртасида Нойер Чемпионлар лигаси ўйини танаффусида алмаштирилганди. Бремендаги ўйинда у бошланғич таркибда тушишга тайёрланаётганди, аммо чигалёзди машғулотлари чоғида яна муаммо пайдо бўлди. Аммо Загребнинг «Динамо» клуби билан ўйинда бўлгани каби бу сафар ҳам «Бавария» учун жиддий муаммо туғилмади, Лаймернинг зарбаси тўсиндан қайтиши мюнхенликларнинг қаторасига иккинчи бор йирик ҳисобда ғалаба қозонишини фақат бироз ортга сурди.

Олисе жамоага жуда тез киришиб кетгани билан яхши таассурот қолдирмоқда. Француз яримҳимоячиси кучли ҳафта ўтказиб, тўлақонли юлдузга айланди. Ўтган ҳафта охирида у бундеслигадаги илк голини ўз ҳисобига ёзиб қўйгани. ЕЧЛ ўйинида дубл қайд этди, энди эса бу мавсумда ҳали мағлуб бўлмаган «Вердер» дарвозасига яна икки гол уриш билан давом этди. Аниқроғи, Олисе тўртта голли ҳужумда қатнашиб, Мусиалага ассист берди ва Кейнга ҳам пас бериб, қарзини қайтарди. Ҳарри эса топ-5 лигаларда голлари сонини 10 тага етказган илк футболчи бўлди. «Бавария» Венсан Компани бошқаруви даврида гол билан якунланган ҳужумлари сонини 29 тага етказди, бу эса жамоа тарихида мавсум стартидаги олти ўйин бўйича энг яхши натижа.

Кун статистикаси

  • «Брентфорд» «Манчестер Сити»дан кейин АПЛда қаторасига икки ўйинда 1-дақиқадаёқ ҳисобни очган 2-жамоага айланди.
  • «Галатасарой» Окан Бурук бошқарувида «Фенербаҳче»га қарши учта сафар учрашувидан иккитасида ғалаба қозонди. «Шерлар» бундан олдин сафар дербиларида икки ғалабага эришиш учун 23 ўйин ўтказишига тўғри келганди.
  • «Эвертон» тўрт ўйинда ҳисобни очди, аммо устунликни сақлаб қололмади (=1-3). Йил бошидан буён Шон Дайч жамоасида АПЛда бундай вазиятлар бўйича энг ёмон кўрсаткич — 18 очко йўқотилган.
  • «ПСЖ» Франция чемпионатида қаторасига 11-марта ҳисобда ортда бораётган ўйинларида ғалабага эриша олмади (=5-6).
  • «Утрехт» Нидерландия чемпионатида илк бор дастлабки беш турда 13 очко тўплашга эришди.
  • Ҳужумчи Будимир «Осасуна» сафида ла лига ўйинларида урган голлари сонини 45 тага етказди. Хорватиялик футболчи бу борада Ян Урбан билан тенглашиб олди ва фақат памплоналиклар афсонаси, ўтган асрнинг 50-60-йилларида порлаган Сабино Адонегидан (57 гол) ортда.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид