Ҳужжатда болалар тагликлари, контейнерда эса 2,6 млрд. сўмлик телевизорлар
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постида Бирлашган Араб Амирликларидан пойтахтда фаолият юритувчи ташкилотларидан бири номига келтирилган темир йўл контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра қиймати 21 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган, оғирлиги салкам 7,6 тоннани ташкил қилувчи болалар тагликлари олиб келингани маълум қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ҳужжатларни синчиклаб кўздан кечириш давомида уларнинг айримларида ушбу товарларнинг номи акс эттирилмаганлиги, тегишли сана ва рақамлари кўрсатилмаганлиги аниқланди. Боз устига ҳужжатларга синадиган товарларга нисбатан қўлланиладиган муҳрлар босилгани божхоначиларда шубҳа уйғотди. Наҳотки, болалар тагликлари синадиган товарлар туркумига кирса?
Шундан сўнг ушбу контейнер мазкур масъулияти чекланган жамият вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари ҳамда холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.
Аввалига юкларни кўздан кечириш давомида мазкур корхона вакили Ғулом Турдиев (исм шарифлар ўзгартирилган) турли баҳоналарни рўкач қилган ҳолда, контейнернинг очилишига тўсқинлик қилишга уринди. Аммо унинг бу уринишлари зое кетди.
Кўздан кечириш давомида эса Ғулом Турдиевнинг нима сабабдан контейнерни очишга қаршилик қилгани ойдинлашди. Қаранг-ки, контейнерда болалар тагликлари умуман йўқ экан. Уларнинг ўрнига эса Жанубия Корея ва Мисрда ишлаб чиқарилган 5 хил ўлчамдаги 661 дона замонавий телевизорлар ортилганлиги аниқланди.
Баҳолаш бўйича экспертларнинг тегишли хулосасига кўра, мазкур телевизорларнинг умумий баҳоси салкам 2 млрд. 600 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Агар контейнердаги юклар ҳақиқатдан ҳам болалар тагликлари бўлганида эди, у ҳолда мазкур маҳсулотларга божхона тўловлари 100 млн. сўмни ташкил қилар эди. Сохта ҳужжатлар асосида олиб киришга уринилган телевизорларга тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари эса 2,1 млрд. сўмни ташкил этди.
Бундан кўриниб турибдики, қонунбузар телевизор маҳсулотларини ҳужжатларда болалар тагликлари сифатида кўрсатиш йўли билан 2 млрд. сўмга яқин маблағни давлат бюджетига тўлашдан қочишга уринганлиги фош бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2 қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.
Унга кўра, жуда кўп миқдордаги товарларни бошқа ном билан декларациялаб, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга оид
18:46 / 05.09.2023
Болалар учун мўлжалланган Kivi Kids TV телевизори тақдим этилди
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
22:37 / 20.01.2023
Беларусда шаффоф телевизор яратилди
23:41 / 11.01.2023