Ўзбекистон | 22:50 / 19.10.2017
15232
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раисини қабул қилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбойжон мисолида" халқаро конференциясининг Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги иштирокчилари делегациясини қабул қилди. 

ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, ушбу конференция ташкил қилингани ва унинг ишида хорижий мамлакатлардан нуфузли делегациялар иштирок этгани жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлади. 

Ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлар жаҳонда муқаддас ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, замонамизнинг халқаро терроризм ва экстремизм сингари таҳдид ва хатарларига қарши самарали курашишга қаратилгани қайд этилди. 

Ўзбекистоннинг «Жаҳолатга қарши маърифат» – таълим олишнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш каби принципиал ёндашувлари нуфузли халқаро форумларда бир неча бор билдирилди. 

Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда бу йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда. 

Хусусан, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда. 

Учрашувда бугунги кундаги глобал жараёнлар, хавфсизлик ва барқарорликка нисбатан тобора кучайиб бораётган таҳдид ва хатарлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, конфессиялараро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришни тақозо қилаётгани қайд этилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг ахлоқий тарбиясини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. 

Меҳмонлар мамлакатимизда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, эътиқод эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган изчил ишларга юксак баҳо берди. 

Халқаро конференция иштирокчилари тинчлик, тотувлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон Республикаси билан фаол мулоқот ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Мавзуга оид