Жаҳон | 21:20 / 19.10.2017
19931
2 дақиқада ўқилади

Путин дунёдаги геосиёсий вазиятга изоҳ берди

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин "Валдай" мунозаралар клубининг якуний сессиясидаги чиқишида дунёдаги геосиёсий вазиятга изоҳ берди.

Путиннинг айтишича, дунёда мувозанат бузилганда ва манфаатлар писанд қилинмаганда, зиддиятлар хавфли ва олдиндан айтиб бўлмас бўлиб қолади ва шафқатсиз низоларга олиб келади.

"Бирорта халқаро муаммо бундай шароитларда ва саволнинг бундай қўйилишида ҳал қилинмайди", деб айтди Путин ва бундай вазиятда радикал унсурлар ва экстремистлар эркинлик олишини қўшимча қилди.

Путин бунинг исботи сифатида Яқин Шарқдаги вазиятни мисол қилиб келтирди.

"Вазиятни биргаликда ҳал қилиш, террорчилик билан кураш олиб бораётгандек кўринмасдан, балки унга ҳақиқатан ҳам зарба бериш ўрнига, бизнинг баъзи ҳамкасблар бу минтақада тартибсизлик сурункали кўриниш олиши учун барча ишни қилишмоқда. Кимгадир ҳали ҳам бу тартибсизликни бошқариш мумкиндек туюлмоқда", деб айтди Путин. 

Путин бу сиёсатга муқобил сиёсат болигини айтди

"Сурия тажрибаси. У ўзига ишонган ва барбод қилувчи сиёсатнинг муқобили борлигини кўрсатди. Россия Суриянинг қонуний ҳукумати ва минтақадаги бошқа давлатлар билан террорчиларга қарши курашмоқда. Халқаро ҳуқуқ асосида ҳаракат қилмоқда", деб таъкидлаб ўтди Путин.

Унинг таъкидлашича, Россия "бу ижобий ҳаракатлар"га осонликча эришмаяпти, чунки минтақада қарама-қаршиликлар жуда кўп.

"Бироқ биз сабр қилмоқдамиз. Бу сабр ила, бу жараённинг ҳар бир иштирокчиси билан уларнинг манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ҳар бир қадам ва сўзни тарози палласига қўймоқдамиз. Ҳамкасбларимиз яқиндагина самарадорлигини шубҳа остига қўйган бизнинг саъй-ҳаракатлар бугунда умид бермоқда", деб айтган Путин.

Мавзуга оид