Ўзбекистон | 21:40 / 20.10.2017
46271
10 дақиқада ўқилади

ХПКда «илғор» фермерлар эртаги

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилган 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сон фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур фармон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш мақсадида қабул қилинган.

19 октябрь куни Халқаро Пресс клубда мазкур фармон ижроси ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тожиев, Қонунчилик палатаси аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров, Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов, Ўзбекистон фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари Кенгаши раиси Баҳодир Юсупов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Мақсуд Рўзиметов спикер сифатида иштирок этди.

Баҳодир Тожиев
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Баҳодир Юсупов
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Тўлқин Эшназаров
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Мақсуд Рўзиметов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

“Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги: ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусида бўлиб ўтган ХПК сессиясида фармондан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Қайд этиш керакки, меҳмон спикерлар, унда қатнашган фермерлар шунчалик ёниб, ўзлари эришаётган натижаларни сўзлаб беришдики, гўёки Президент фармонида қайд этилган ушбу соҳадаги қатор камчиликлар ёлғондек тассурот уйғотади.

Фармонда қайд этилган муаммолар нималардан иборат?

Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифалар – фермер  хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришни бажара олмаган.

Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган томорқа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаган.

Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган.

Фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаяпти.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратилмаган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган.

Аксарият фермер хўжаликларининг бугунги молиявий аҳволи замонавий, ресурстежовчи қишлоқ хўжалиги техника воситаларини харид қилиш, ишлаб чиқаришда илғор агротехнология, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини бермаяпти.

Фермер, деҳқон хўжаликлари аъзолари ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш тизими, шунингдек фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини ташкил этиш ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Гарчи, ХПК унинг сессиясида қатнашувчи спикерларнинг ОАВ вакилларига ахборот тақдим этиш мақсадида ташкил этилгани айтилса-да, сессиянинг жонли эфирда узатилаётган қисмида журналистларга савол бериш учун имкон берилаётгани йўқ.

ХПК сессиясида спикерларга мурожаат қилиниб, уларнинг эътибори ютуқлар баробарида камчиликлар мавжудлигига қаратилди. Бундан ташқари, буйруқ ва назорат билан эмас, аксинча инсонлар онгини, моддий манфаатдорлигини ошириш билангина фермерчилик, умуман қишлоқ хўжалигида юксак натижаларга эришиш мумкин, деган фикр билдирилди.

Хўш, бугунги кун оддий фермерида моддий манфаатдорлик қайдаражада? Расмий маълумотларни қўятурайлик-да, биз ҳам ўзимиз билганча, деҳқончасига ҳисоб-китоб қилайлик. Чунки, ҳар бир фикр ҳисоб-китобларга таянилса, янада ишончлироқ чиқади. 10 гектар ери бор фермер сабзавотчилик-боғдорчиликка ихтисослашган туманда истиқомат қилса, 80 фоиз ер ҳудудига буғдой экиши керак. Қуйидаги жадвалда KUN.UZ мухбири суҳбатлашган фермердан бир гектар ер майдонида ғалла ҳосили етиштириш учун харажатлар ва унинг харид нархини қиёслаш мумкин. Маълум бўлишича, 10 гектар ердан 8 гектарга буғдой экилади. Унга кетадиган харажатлар қуйидагича:

Оддий арифметика, бир озгина ҳисоб-китоб ва фермернинг 8 гектар ерга қадаган ғалладан олаётган соф даромади 556 минг сўмни ташкил этиши маълум бўлади. Яна бир томони юқорида кўрсатилган жадвалда ишчи ҳақи ҳисобланмаган. Ишчи учун иш ҳақи ҳам фермер ҳисобидан бўлиши эътиборга олинса, камида 5 ойга ишчи ёлланилса, фермер ўз-ўзидан зарарга ўтиши ойдинлашади.

Мана шу рақамлар нима учун кўпчилик қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аҳоли деҳқончилик қилиш, фермер бўлиш ўрнига яқин хорижни маъқул кўраётганини изоҳлайди. Айтайлик, 8 гектар ерга буғдой эккан фермер ҳисобига 9 ой деганда пул тушишини ҳисобга олсак ва унинг оиласида ўзи билан бирга 5 жон бўлишини тахмин қилганимизда ҳам унга ойига қанча маблағ зарурлигини хомчўт қилиш мушкул вазифа эмас. Россияда меҳнат муҳожири бўлишни танлаганлар ойига 100 АҚШ доллари юборган тақдирда ҳам 8 гектарга буғдой эккан фермердан кўра, яхшироқ даромад қилиши кундек равшан. 9 ойда 100 доллардан 900 доллар расмий курс бўйича 7 млн 200 минг атрофида.

Бундан ташқари, суриштирув чоғида бир неча нафар фермерлар фикри ўрганилди. Ҳокимият ёки молия бошқармалари юқоридаги харажатларни қаййўсинда ҳисоблаётгани бизга қоронғу, аммо жадвалдаги рақамлар осмондан олинмаганига юз фоиз кафолат.

Бунда эътибор бериладиган жиҳати буғдой сентябрь-октябрь ойларида экилса, июнь-июль ойларида йиғиб олинади. Буғдой уруғини сепиш учун айрим жойларда такрорий экинлар етилишига оз вақтда ҳайдаб юборилган ҳолатлар ҳам бўлганини рад этиб бўлмайди.

Шу ўринда савол туғилади: Халқаро Пресс клуб сессиясида Фермерлар кенгаши раиси, ҳурматли сенаторларимиз ва Қонунчилик палатаси депутатининг ёки айрим фермерларнинг юксак натижаларни кўрсатаётгани, миллионлаб даромад кўраётгани ҳақидаги даъволарини қандай тушуниш мумкин? Юқоридаги ҳисоб-китобимиз уларнинг гапини инкор этмайдими?

Хўп, иккинчи экинга рухсат берилди. Бу тўғри. ХПК сессиясида маълум қилинишича, бу йил 1 млн гектардан ортиқ ғалладан бўшаган ерларга иккинчи экин экилди. Аммо айланма маблағ учун кредит олиш шарт-шароити барча фермерлар учун бир хилми ёки танланганлар учунми? Бу масалага сессия спикерлари умуман эътибор беришни ҳам хоҳлашмади. Улар фақатгина йилига 3 фоизлик имтиёзли кредит берилишини эътироф этишди. Балки ушбу кредитни кимлар ололаётгани, кредит олишда барча фермерлар камситилмасдан бирдек имкониятга эга бўлаяптими, йўқми, деган масалалар бошқа мавзудир?

Президент Шавкат Мирзиёев ютуқ ўзимизники, камчиликларни гапириб, уларни биргаликда ҳал қилиш йўлини топишимиз керак, дея такрор-такрор уқдирмоқда. Минбарга чиқиб, юқоридаги рақамларни келтирмасдан, хонада ўтириб олиб, хомаки ҳисоблаш билан миллионлаб даромад кўраяпти ёки кўради, дейиш билан иш битмаслигини, наҳотки, 19 октябрда бўлиб ўтган ХПК сессияси спикерлари билишмаса?! Даромаддан буромадни чиқариб ташлагандан сўнг, соф фойда қолишини оддий мактаб ўқувчиси ҳам билади-ку? Ахир ҳолва деган билан оғиз чучимайди, дейилиши бежизга эмас.

KUN.UZ мухбири миллионлаб даромад кўраётганлар қандай қилиб, шундай натижага эришаётганига қизиқди. Тўғри, натижага эришган одам меҳнатни тўғри йўлга қўйганини эътироф этиш холислик нуқтаиназаридан ҳам керак. Бундай фермерлар орамизда кам эмас. Шу саволга жавоб топиш мақсадида оддий фермерлар (бу ерда оддий дейилишига сабаб, уларнинг туман ҳокимияти ёки юқори давлат органларида умуман таниш-билиши бўлмаганлигидир) фикрини ўргандик. Уларнинг фикрича, катта натижалар кўрсатаётган фермерларнинг аксарияти ортида уларни ҳимоя қила оладиган кишилари, таниш-билишлари борлигидир.

Жумладан, шундай таниши борлар аввало белгиланган талаб бўйича мавжуд ер майдонларининг 80 фоизига буғдой экмайди, ёхуд экса ҳам режани бажаришни ўйламайди, аксинча, ҳосилнинг кўп қисмини ўз омборига тўкдиради, ё бўлмаса, уларда фермернинг расмий ҳужжатида қайд этилмаган ортиқча ерлари бўлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бу иддаоларни раҳбарлар, мутасадди мулозимлар инкор этиши мумкин. Бироқ кўпчилик “зарар кўриб ишлаётган” фермерлар шундай фикрни билдиришмоқда. Бу фактларни қанчалик ҳақиқатга яқинлигини текшириб кўриш масъулиятли ташкилот ва идоралар ваколатига киради.

*- берилаётган аммофосдан техника харажати важи билан 10 фоизи туман кимё бошқармасида олиб қолинади (кўриб чиқилган ҳолатда 240 кг аммофос кам берилади)

**- берилаётган селитрадан техника харажати важи билан 10 фоизи берилмайди (кўриб чиқилаётган ҳолатда 400 кг селитра)

***- ЗИЛ юк машинасига 2 гектар ердаги ҳосил юкланади ва шу хизмат учун 100 минг сўм тўланади

****-1 кг ғалла ҳосили учун 2017 йил 550 сўмдан белгиланган. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда бир гектардан 3300 кг ғалла ҳосили топширилган.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид