Телебошловчи Ксения Собчак 18 октябрь куни «Дождь» телеканали эфирида 2018 йилги Россия Федерацияси президентлиги сайловларида иштирок этиши ҳақида маълум қилди. У ўзини «барчага қарши номзод» сифатида эътироф этди. Шу билан бирга Алексей Навальний сайловларга қўйилган тақдирда ўз номзодини қайтариб олишга ваъда берди. Хўш, хорижий ОАВ Собчак хонимнинг президентлик кампаниясига старт берганига қандай муносабат билдирди?
Le Temps (Женева, Швейцария)
Мухолифат етакчиси Алексей Навальний сайловларда ўз номзодини қўйгунга қадар 2028 йилни кутишига тўғри келади, деди Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова. Ҳозирча эса ҳаммасини олдиндан ҳал қиладиган Кремль президентлик сайловларига қонуний тус бериш мақсадида унга ўриндош изламоқда. «Ведомости»да хабар берилишича, президент маъмурияти Владимир Путинга рақиб сифатида аёл-номзодни излаган. Нашр ультра-консерватив қанотдан бир нечаси (барчаси Путиннинг тарафдорлари) ва Ксения Собчак номзодларини келтирган.
Собчак мустақил телеканаллардан бирида бошловчи бўлиб, аста-секин мухолифат журналист мавқеига эга бўлди. Бироқ барча унинг Санкт-Петербургнинг собиқ мэри, Владимир Путиннинг сиёсий карьерасини йўлга қўйган Анатолий Собчакнинг қизи сифатида яхши танийди. Унинг онаси Людмила Нарусова — мудофаа вазири Сергей Шойгу билан яхши муносабатларда. Бошқача айтганда, Ксения Собчак давлат етакчилари билан аввалгидек яқин.
The Guardian (Лондон, Буюк Британия)
Кремлда Ксения Собчак номзоди одатда зерикарли ўтувчи сайловларга қонуний тус бериш усули сифатида қабул қилинади, зеро Путиннинг сайловлардаги рақиблари одатда «бошқарилувчи мухолифат»нинг кекса ёшли сиёсатчилари - коммунист Геннадий Зюганов ва миллатчи Владимир Жириновский. Уларнинг иккиси ҳам анчадан бери ҳеч қандай реал мухолифат эмас, улар Путиннинг сиёсатини қўллаб-қувватлайди.
Президент маъмуриятига яқин манбаларнинг жорий йилда The Guardian'га хабар беришича, Навальнийга ўз номзодини қўйиш учун имкон бериш борасида жиддий муҳокамалар бўлган. Охир-оқибат у яратадиган салбий шовқинлар ҳатто Путин ғалаба қозонган тақдирда ҳам, уни ноқулай номзодга айлантиради дея қарор қилинган.
The Daily Telegraph (Лондон, Буюк Британия)
Унинг номзодини қўйиш мотивларининг самимийлигига дарҳол шубҳа билан қаралди. Россияда президент лавозимига номзодлар анъанавий «спарринг-шериклар» ролини ўйнаб, сайловларга қонуний тус бериб турарди. Собчак хонимнинг баёноти 2012 йилги сайловларда жаноб Путинга рамзий мухолифат бўлган Brooklyn Nets эгаси Михаил Прохоров билан боғлиқ вазиятни ёдга солди, у ўшанда сайловчиларнинг атиги 8 фоиз овозига эга бўлганди.












