Терговга кўра, уларни «Украина хавфсизлик хизмати топшириғи билан» неонацистлар ўлдирмоқчи бўлган. Гумонланувчилар қўлга олинган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) мамлакат бош пропагандачиларидан бири Маргарита Симонян ва мухолиф журналист Ксения Собчакка суиқасднинг олди олинганини хабар қилди. ФХХ хабарида айтилишича, бу қотилликларни гўёки Украина хавфсизлик хизмати буюртма қилган.
Ғалати «қотил»
ФХХ эълон қилган видеода ўзини 18 ёшли Михаил Балашов деб таништирган Россия фуқароси гўёки Украина махсус кучлари унга икки журналистни ўлдиришни буюртма қилганига «иқрор бўлган».
«Мен Михаил Балашов, 2005 йилда туғилганман. Москвада яшайман. «Параграф-88» номли неонацистик гуруҳ тузиб, унга вояга етмаган дўстларимни жалб қилганман. Биз ташқи кўриниши славянча бўлмаган одамларга ҳужум қилиш билан шуғулланганмиз.
Украина махсус кучлари мен билан боғланиб, аввалига реле шкафларини (темирйўл ҳаракатини таъминловчи қурилма – тарж.) портлатишни таклиф этишди. Кейин эса Маргарита Симонян ва Ксения Собчакни ўлдиришни буюртма қилишди. Мен Симоняннинг яшаш манзилини ўрганиб разведка қилдим ва бунинг учун пул олдим.
Кейин менга Калашников автомати ва пул қаерда бўлишини айтган куратор билан ёзишдим. Ваъда қилинган нарсаларни олиш учун борганимда [Россия] махсус кучлари томонидан қўлга олиндим», деган Балашов.
Бу «иқрор»да йигит ўзини ғалати тутганига кўпчилик эътибор қаратди. Мухолиф каналлар ФХХнинг бу хабарини саҳналаштирилган томоша деб аташди.
7 киши қўлга олинган
Москвадаги Басманний район суди қарори билан ушбу иш доирасида 7 киши қўлга олинган. Улардан 4 нафари 2005 ва 2006 йилларда туғилган ўсмирлар бўлган. Яна бир қўлга олинган шахс вояга етмаган. Суд хабарида айтилишича, уларга нисбатан безорилик бўйича иш очилган, суиқасд ҳақида эса хабарда сўз бормаган. Шунингдек, миллатчилик кайфиятидаги гуруҳ вакиллари хорижлик фуқароларга ҳужум қилгани айтилган.
Ҳар бири учун 1,5 миллион рубл
ФХХ хабарида айтилишича, Украина хавфсизлик хизмати ҳар бир қотиллик учун Россия фуқароси бўлган неонацистик гуруҳ вакилига 1,5 миллион рубл таклиф қилган. Икки журналистнинг иш ва яшаш манзилларида разведка ишларини амалга оширган гуруҳ вакиллари 14 июл куни Москва ҳамда Рязан областида қўлга олинган. Айбланувчилардан Калашников автомати, 90 та патрон, пичоқ, кастет, резина калтак, кишан, шеврон, нацистик байроқ, нацистик символлар, нацистик адабиётлар, алоқа воситалари ва «жиноий қилмишларини исботловчи» компютерлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.












