Америка Қўшма Штатларининг ойига 4,2 миллионлик аудиторияга эга «Real Clear World» нашрида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унинг муаллифи – нашр шарҳловчиси ва «Corsair LLC» консалтинг компаниясининг бошқарувчи директори Жеймс Дурсо. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Мақолада қайд этилишича, 2016 йилнинг 4 декабридан, яъни Шавкат Мирзиёев мамлакат президенти этиб сайланган кундан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди. Бунгача 13 йил давомида бош вазир лавозимида фаолият юритган янги президент қўшни мамлакатлар билан чегара ва сув ресурслари билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ечим топиш, миллий валюта конвертациясини таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, Ғарб оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалаларни ҳал қилишга фаол киришди. Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар, узоқ ва яқин хориж давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда рўй берган муҳим ички ўзгаришлар қаторида ўқитувчилар ва соғлиқни сақлаш ходимларини пахта йиғим-теримига жалб қилиш тақиқланганини қайд этиш мумкин. Бу борадаги ишларнинг давом эттирилиши Ўзбекистон пахтасини ташқи бозорда сотиш кўламини кенгайтириш имконини беради, деб ҳисоблайди америкалик шарҳловчи.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарияти экспортчилар хориж валютасида олган даромадларининг 25 фоизини мажбурий сотиш амалиётини бекор қилди. Мамлакат фуқаролари чет эл валютасини банкдан сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлди. Бу чора-тадбирлар савдо-сотиқни енгиллаштириш ва коррупцияни камайтиришга хизмат қилади. Ушбу янгиланишлар тезкорлик билан амалга оширилгани кўплаб молиячиларни ҳайратга солди, деб таъкидлайди Ж.Дурсо.

Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистон президенти ташаббуси билан мамлакатда экстремизм ғояларига мойил бўлган шахслар "қора рўйхат"дан чиқарилаётганини (17 мингдан 16 минг нафари) қайд этади. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида "Ҳаётда билиб-билмай адашган одамларни тўғри йўлга солиш, кечиримли бўлиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш масалалари ҳам диққат марказимизда турибди", деб таъкидлади. Бундай одамларни ишга жойлаштириш ва дин арбобларининг улар билан доимий мулоқотини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Мақолада таъкидланганидек, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш визалари бекор қилинади. Бу аҳолининг иқтисодий имкониятлари ва эркинлиги даражасини оширади. Фарғона водийсида "Дўстлик" ва Қозоғистонда "Мақтарал"  чегара пунктларининг очилиши одамларнинг ҳаракати ва ўзаро савдо-сотиқ кенгайишига хизмат қилади.