Путин келажакда атом бомбасидан ҳам хавфлироқ нарса нима бўлишини айтди
Россия президенти Владимир Путин Сочида ўтаётган Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивали сессиясида нутқ сўзлади. Бу фестивалга бутун дунёдан 30 минг киши келган.
Фестивалнинг охирги сессияси келажакка бағишланди. Путин бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтди.
У фан ва генетикадаги тараққиёт ҳақида тўхталиб, бир билимлар учун бошқа билимларни излашда эҳтиёт бўлиш кераклигини айтди. "Биз ишимизнинг маънавий, ахлоқий томонларини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Барча қилаётган ишларимиз фойдали бўлиши, инсонни мустаҳкам қилиши керак, уни барбод қилиши керак эмас", деб айтди Путин.
Путиннинг айтишича, ирсий муҳандислик (генная инженерия) доришунослик, инсон кодини ўзгартириш соҳасида ажойиб имкониятларни беради.
"Фараз қилинг, инсон берилган кўрсаткичларга эга бошқа инсонни яратиши мумкин. Бу ажойиб математик, гениал мусиқачи бўлиши, бироқ шу билан бирга қўрқувсиз, раҳм-шафқатсизлик билан жанг қилувчи ҳарбий бўлиши ҳам мумкин", деб ўз сўзларини давом эттирди Путин.
"Инсоният ўз ривожи ва мавжудлигининг жуда масъулиятли даврига кириши мумкин ва эҳтимол, яқин орада киради ҳам. Ва мен ҳозир юқорида айтганларим атом бомбасидан қўрқинчлироқ бўлиши мумкин", деб айтди Путин.
Путиннинг таъкидлашича, шу сабабли янги технологиялардан самарали фойдаланиш ва уларни амалиётга кенг жорий қилиш лозим.
Путин бунга бир мисол келтириб ўтди: "Бир фараз қилинг, Россиянинг ғарбий нуқтаси – Калининграддан унинг энг шарқий нуқтаси – Владивостоккача бугунги кунда самолётда 8-9 соатдагидек эмас, коинот техникаси ёрдамида 20 дақиқада етиб бора оласиз. Ракета шундай тезлик билан учади. Улардан фойдаланиш мумкинми? Мумкин. Бироқ у қўлланадими – йўқ. Чунки жуда қиммат туради. Коинот туризми ривожланган – коинотга учиш 20 млн доллар туради. Бундай сафарни бу ердагилардан бирор киши ўзига ижозат бера оладими? Бунинг эҳтимоли жуда кичик, бироқ биз бу технология кенг амалиётга татбиқ қилинишига эришмоғимиз керак", деб айтди Россия президенти.
Путин "энг муҳим деб билган нарсалардан бири – таълимга эътиборни кучайтириш" кераклигини қўшимча қилди.
Мавзуга оид
00:02
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
07:55 / 20.12.2024
Зеленский Путиннинг «Орешник» билан «дуэл» ҳақидаги сўзларини танқид қилди
23:27 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев россиялик генералнинг ўлими муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
21:49 / 19.12.2024