Мальталик аёл журналистнинг қотиллиги ҳақидаги ахборотга катта мукофот эълон қилинди
Мальта ҳукумати журналист Дафна Каруана Гализиянинг қотиллигини тергов қилишда ёрдам берувчи ахборотга миллион евро мукофот пули белгилади.
"Ҳукумат мисли кўрилмаган чора сифатида полицияга қотилликка алоқадор бўлган шахс ёки шахсларни аниқлашга олиб келувчи ахборотни берадиган исталган одамга миллион евро таклиф қилмоқда", деб маълум қилди Мальта ҳукумати.
Баёнотда қайд қилинишича, "ушбу қотиллик фавқулодда чоралар кўрилишини талаб қилувчи фавқулодда муҳим ҳодисадир".
Мальта ҳукуматининг таъкидлашича, полицияга ахборот аноним тарзда берилиши мумкин. Аввалроқ WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж ҳам ушбу қотилликнинг очилишида ёрдам берувчи ахборотга 20 минг доллар ваъда қилганди.
56 ёшли журналистнинг ўлдирилгани 16 октябрда маълум бўлган. У олиб борган охирги журналистик терговлардан бири Мальта бош вазири Жозеф Мускат ва унинг икки яқин ёрдамчисига тааллуқли бўлган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Галиция 15 кун аввал полицияга унга ўлдириш билан таҳдид қилишаётгани ҳақида маълум қилган.