Жаҳон | 09:21 / 21.07.2025
4019
2 дақиқада ўқилади

Россияда журналист Фарида Қурбонгалеева сиртдан 8 йилга қамалди

Собиқ ВГТРК бошловчиси «Свобода России» легиони таркибида Украина томонида кўнгилли сифатида жанг қилаётган миллатчи билан суҳбат уюштиргани учун судланди.

Фото: farida.kurbangaleeva / Facebook

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди журналист, ВГТРК ва "Настоящее время" телеканалларининг собиқ бошловчиси Фарида Қурбонгалеевани ҳарбий «фейклар» (Жиноят кодекси 207.3-моддаси 2-қисми «д» банди) ва терроризмни оқлаш (205-моддаси 2-қисми) иши бўйича сиртдан 8 йилга озодликдан маҳрум қилди

Бу иш бўйича иккинчи айбланувчи миллатчи Алексей Барановский бўлиб, у «Свобода России» легиони таркибида Украина томонида кўнгилли сифатида жанг қилмоқда. У сиртдан 6 йил қамоқ жазосини олди. Иш Қурбонгалееванинг Барановский билан 2024 йил май ойида чоп этилган интервюси асосида очилган. Қурбонгалеевага яна бир модда "Пражский град" Telegram-каналидаги бир нечта постлари туфайли қўшилган, деб ёзади "Медиазона".

2007 йилдан бери Қурбонгалеева «Россия 1» телеканалида «Вести» дастурининг бошловчиси бўлиб ишлаган. 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олиб, Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин журналист телеканални тарк этган. 2018 йилдан 2021 йилгача Қурбонгалеева «Настоящее время» телеканалида ишлаган, шундан сўнг у ўзининг YouTube каналини очган.

2024 йил июн ойида Россия Адлия вазирлиги Қурбонгалеевани «чет эл агенти» деб эълон қилди. Шунингдек, у «террорчилар ва экстремистлар» реестрига киритилган ва халқаро қидирувга берилган. 2025 йил май ойида Чехия суди Россия прокуратурасининг уни Россияга экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосини рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид