Фан-техника | 18:09 / 23.10.2017
18049
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш 2017 йилда уч баробарга ортди

Фото: Kolesa.ru

Қозоғистон автомобилсозлик саноати фаолиятининг 2017 йил январь-сентябрь ойлари бўйича натижалари маълум бўлди, деб хабар қилмоқда «Колёса» нашри.

Қозоғистон ҳудудида жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 13 123 дона автомобиль ишлаб чиқарилди, улар орасида енгил ва юк машиналари, автобуслар, махсус машиналар, тиркамалар бор. Уларнинг умумий қиймати 101,4 миллиард тенгени ташкил қилди.

Хабар қилинишича, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ҳажми ўтган йил худди шу даври кўрсаткичидан уч баробарга ошган. Қозоғистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш дастлабки уч чоракда 3,9 бараварга ошиб, 11 575 тага етди. Таъкидлаш жоизки, чиқарилган юк машиналарининг сони 20,4 фоизга камайди.

«Экспорт йўналишида муҳим воқеа - сентябрь ойининг охирида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган қарор бўлди. Улар Қозоғистон автомобиль саноати маҳсулотлари учун акциз тўсиғини олишди. Иккала мамлакат ўртасидаги ташқи савдо алоқалари тарихида илк бор Қозоғистон автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўшни республика бозорига киришлари мумкин», - дея изоҳ берган «КазАвтоПром» уюшмаси бошқаруви раиси Олег Алфёров. 

Қозоғистон автомобиль заводлари 2017 йил бошидан бери 13 129 та машинани сотди. Бу натижа ўтган йилги кўрсаткичдан 64 фоизга кўпроқ, ўшанда 8 003 дона сотилганди. Январь-сентябрь ойларида Қозоғистонда йиғилган енгил автомобилларнинг энг машҳур 5 та бренди рўйхатида Lada (6 372 нусха), Hyundai (1 369), Kia (1 343), Chevrolet (1 045 бирлик) ва JAC (509) мавжуд.

Маҳаллий автомобилларни сотиш ҳажми бўйича биринчи ўнталикка Lada 4×4 (2 866), Lada Granta (1 230) ва Lada Largus (1 071), Hyundai Elantra (633), Lada Vesta (563), Hyundai Tucson (558), Chevrolet Cruze (406), JAC S3 (379), Ravon Nexia (364) ҳамда Lada Xray (356 нусха) кирган.

Мавзуга оид