Жамият | 18:55 / 23.10.2017
19813
2 дақиқада ўқилади

МХХ Наманганда валютафурушларга қарши рейдлар ўтказди

Ўзбекистонда валюта сиёсатини янада такомиллаштириш, валютани аҳоли ва бизнес вакилларига сотишнинг очиқлигини ошириш жараёни давом этмоқда. Бугунги кунда исталган фуқаро ёки тадбиркор уни тижорат банкларининг филиалларида махсус пластик карталарга муаммоларсиз сотиб олиши мумкин. Кейинги босқичда нақд чет эл валютасини сотиш жорий этилади.

Давлатнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, мамлакатда ноқонуний йўллар билан пул топишга тайёр одамлар учраб турибди. «Валютафурушлар» фаолиятига чек қўйиш, иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлаш учун Миллий хавфсизлик хизмати бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда хорижий валютанинг ноқонуний айланмаси ва у билан боғлиқ амалиётларга чек қўйиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Куни кеча Миллий хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича Бошқармаси тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент минтақавий бошқармаси ва вилоят ИИБ вакиллари билан биргаликда бир неча валютафурушлар қўлга олинган махсус амалиётни ўтказди.

Хусусан, Тўрақўрғон туманида яшовчи 49 ёшли Комилжон Юсупов 8200 сўмлик курс бўйича 4900 АҚШ долларини 40 млн. 180 минг сўмга сотаётган пайтида қўлга олинди.

Наманган шаҳрида қўлга олинган 36 ёшли Фахриддин Камолов эса йирик келишувлардан бирини ўтказишга уринган. У 7 минг АҚШ долларини 57,5 миллион сўмга алмаштиришга ҳаракат қилди.

Тезкор ходимлар вилоят маъмурий марказида 59 ёшли Жамолиддин Мўйдинов ва 26 ёшли Файзулло Абдуазизовни ҳам жиноят устида қўлга олишди. Улар 8170 сўмлик курсда 6900 АҚШ долларини 56 млн. 373 минг сўмга сотишаётган бўлган. Кўздан кечириш чоғида уларнинг ёнидан яна 17 минг Россия рубли ва 10 минг Қозоғистон тенгеси топилди ҳамда олиб қўйилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ушбу ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатди.

Мавзуга оид