Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ташкил этилганига 5 йил тўлди
Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ишларининг сарҳисоби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида фуқаролик назорати механизмлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда халқ ва армия бир тан-у бир жон деган ғоянинг амалдаги ифодаси бўлган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ўтган 5 йиллик фаолияти таҳлил қилиниб, келгуси режалар, таклифлар билан ўртоқлашилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда давомида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, халқ шоири Иқбол Мирзаалиев ўтган йиллардаги кенгаш фаолиятини сарҳисоб қилиш баробарида истиқболдаги режалар билан иштирокчиларни таништириб ўтди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши комиссия раиси, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси Фаррух Дадаходжаев Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмаларини тузиш йўналишлари бўйича тўхталиб ўтган бўлса, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ишчи органи раҳбари полковник Мақсуд Абилов жамоатчилик уюшмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа турдаги институтлари билан Мудофаа вазирлиги ўртасидаги самарали ҳамкорлик ўрнатишда Жамоатчилик кенгашининг ўрни тўғрисида батафсил маълумот берди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кенгаш фаолияти Мудофаа вазирлиги фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, давлатнинг мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги сиёсатини амалга ошириш ва ривожлантиришга фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини жалб қилиш, ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва чақириққача бўлган ёшларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимини шакллантириш сингари устувор мақсадларга хизмат қилмоқда.
Кенгашнинг депутатлар, республикамиз ижодий уюшмалари, вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, уюшмалар, жамғармалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, санъат ва фан намоёндалари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиб бораётгани белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига, ҳарбий хизматчиларнинг қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияларини янада шакллантириш имконини бермоқда.
2017 йилнинг 23 август куни Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилди.
Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари аъзолари ҳам гарнизон ва ҳарбий қисм қўмондонликлари билан яқин ҳамкорликда ҳарбий ва меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, Қуролли Кучларимиздан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга чуқур ҳурмат туйғуларини камол топтириш учун ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларни ўтказиш бўйича ишларни янада кучайтиришга бор куч ва имкониятларини ишга солмоқдалар.
Матбуот анжумани давомида ўтган вақт мобайнида Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан Мудофаа вазирлиги фаолиятини шаффофлигини таъминлашга, ҳарбий хизматчиларга муносиб хизмат ва маиший шароитлар яратишга, ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни сақлашга, ҳарбий хизмат мавқеини оширишга, чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик ҳамда маънавий-маърифий руҳда тарбиялаш ишларини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келинаётгани таъкидланди.
Амалга оширилаётган ишлар бир томондан Ватан ҳимоячиларининг кайфиятини, Қуролли Кучларда кечаётган ислоҳотлар, ўзгаришларга ҳарбий хизматчиларнинг муносабатини аниқлашга имкон бераётган бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг ўз армиясига бўлган эътиборини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Бунинг натижасида Қуролли Кучлар ва халқимиз ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланиб, миллатимизнинг ўз армиясига нисбатан фахр, ғурур, ифтихор туйғулари янада ошмоқда.
Анжуманда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, раис ўринбосарлари, кенгашнинг комиссия раислари ва аъзолари, шунингдек Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Мавзуга оид
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
09:24 / 02.11.2024
Қозоғистонда ўзини ўзи мудофаа қилиш ва кўнгиллилар тузилмалари пайдо бўлади
15:30 / 29.10.2024
РФ Мудофаа вазирлиги алоқа бошқармаси собиқ бошлиғи пора учун ҳибсга олинди
08:40 / 29.10.2024