Жаҳон | 12:35 / 24.10.2017
6873
2 дақиқада ўқилади

Пентагон собиқ раҳбари: АҚШ Яқин Шарқда янги коалиция яратиши керак

Фото: AP

АҚШ нафақат терроризм билан курашиш, балки Эроннинг ўсиб бораётгани таъсирига қарши туриш учун ҳам Яқин Шарқ коалициясини ташкил этиши керак. Бу ҳақда Пентагон собиқ раҳбари Леон Панетта маълум қилди.

«Мен аввал бу ҳақда тавсиялар бергандим, лекин, афсуски, бу қўллаб-қувватланмаган. Ишончим комилки, биз биргаликда ишлайдиган давлатлардан иборат Яқин Шарқ коалициясини яратишимиз лозим. Исроил ҳам бу коалициянинг бир қисми қисми бўлиши керак, чунки очиғини айтганда, улар ҳам ИШИД, терроризм ва Эроннинг ҳаракатларидан ташвишдалар», - дея айтиб ўтди Панетта Вашингтондаги Hudson Institute’да ташкил этилган анжуманда сўзга чиқиб.

Унинг сўзларига кўра, араб давлатларидан иборат бўлган бундай коалиция «мақсадларни аниқлаштириш, қўшинларни жойлаштириш, террорчиларни таъқиб қилиш учун қўшма ҳарбий қўмондонлик марказини» барпо этиши керак бўлади.

Панеттанинг таъкидлашича, коалиция нафақат ИШИД билан курашиши, балки Эронни ҳам «босиб туриши» лозим бўлади.

Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Эронга нисбатан янги стратегиясини амалга ошириш «Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига қарши қаттиқ санкциялар жорий этиш» билан бошланиши ҳақида маълум қилганди. Трамп молия вазирлигига ИИҚК ва унинг мансабдор шахслари, агентлари ҳамда аъзоларига нисбатан қўшимча санкциялар киритиш ҳақида топшириқ берди.

Мавзуга оид