Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳида мурожаати эълон қилинди.
«Ҳурматли «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи иштирокчилари! Мана, роса бир йилдан бери «Facebook» майдонида миллий тилимиз тақдири билан боғлиқ долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиб келмоқдамиз.
Хабарингиз бор, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети очилганда унинг зиммасига ўзбек тилининг мукаммал грамматикасини яратиш бўйича асосли илмий таклиф тайёрлаш вазифаси юклатилган эди. Ушбу масала ижроси, биринчи навбатда, алифбо ва имло қоидаларидаги камчиликларни бартараф этишни тақозо қилар эди.
Шу нуқтаи назардан университетда ишчи гуруҳ тузилиб, унга Facebook тармоғида «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳини очиш ва олимлар, кенг жамоатчилик, она тилимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган барча миллатдошларимизнинг фикрларини йиғиш ва илмий таҳлилдан ўтказиб бориш топширилган эди. Яна қайтараман, бу ишчи гуруҳнинг вазифаси халқнинг фикрини ўрганиш, таҳлил ишларини олиб бориш ва баҳс-мунозараларда етилиб пишган қарашлар асосида тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
Мана бир йилдирки, баҳс қизигандан қизияпти. Кимдир шошираяпти, кимдир шошмасликни, яна кимдир умуман бу мавзуни кўтармасликни тавсия этмоқда. Айримлар 1995 йил киритилган ўзгартиришларни бекор қилиш кифоя, деса, бошқа бир гуруҳ UNICODE орқали символлар тизимига «4 баҳсли ҳарф»ни киритиб, клавиатура муаммосини ечишни ва бу мавзуни ёпишни талаб қилмоқда. Ҳозирча гап фақат алифбо устида кетаяпти. Имло қоидаларига ҳали навбат етгани йўқ.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларга бир илтимосим бор. Ўтган асрнинг 20-йилларида ҳам шундай масалалар кўтарилиб, «Чиғатой гурунги» ташкил этилган эди. Унда бутун ўзбек маърифатпарварлари қатнашиб, она тилимиз тақдири билан боғлиқ масалаларни баҳс-мунозараларда таҳлил қилишга ҳаракат қилганлар. Facebook’даги «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи ҳам «Чиғатой гурунги»нинг замонавий шакли десак бўлади. «ФБ»даги айрим «пост»лар, гуруҳ ўртага ташлаётган масалаларга масхараомуз муносабат билдириш, бўлар-бўлмас «алжираш»лар киши таъбини тирриқ қилаяпти. Илтимос, агар сизда асосли фикр бўлмаса, баҳсга қўшилманг, сиёсий масалани эрмак деб билманг.
Ҳурматли «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи иштирокчилари! Ишчи гуруҳ томонидан эълон қилинган тилшуносларнинг энг дастлабки алифбо варианти баҳсларни бошлаш учун биринчи қадам эди. Илк вариант бўйича билдирилган кўпдан-кўп танқидий фикрлардан ташқари, бир қанча янги вариантлар ҳам тавсия этилди.
















