Жаҳон | 08:27 / 25.10.2017
7490
2 дақиқада ўқилади

Трамп қочқинларни яна қабул қилишга рухсат берди

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШда қочқинларнинг қабул қилиниши қайта бошланиши ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй маълум қилди.

24 октябрда қочқинларни қабул қилишга қарши киритилган 120 кунлик тақиқлов муддати ўз поёнига етди. Бу тақиқлов мамлакат хавфсизлигини кучайтирди, деб айтилган фармонда.  

"Давлат котиби, ички хавфсизлик вазири ва миллий разведка директори қочқинларни қабул қилиш дастурида кўзда тутилган саралаш жараёнидаги яхшиланишлар АҚШнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашга мос келиши ҳақидаги хулосани беришди. Унга кўра давлат котиби ва вазирлар бу дастурни қайта бошлашлари мумкин ва мамлакатга кириши ҳамон унинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи қочқинларнинг баъзи тоифаларига нисбатан махсус чораларни амалга оширишади", деб айтилган фармонда.   

Шу билан бирга бир қатор давлатлардан қочқинлар саралаб олинганда 90 кун амал қилувчи қўшимча чекловлар жорий қилинади. Бундан аввал АҚШ маъмурияти вакили журналистларга чекловлар 11 та давлат фуқароларига тааллуқли бўлишини айтган, бироқ бу давлатлар қайсилар экани борасида аниқлик киритмаган. Бу давлатлар фуқаролари кейинги 3 ой ичида АҚШга муайян ҳолатлардагина киритиладилар.

Шунингдек, давлат департаментида барча давлатлардан келувчи қочқинлар оила аъзолари қўшимча текширувдан ўтказилишлари айтилган. 

"АҚШ ўз ҳудудида дунёдаги бошқа исталган давлатдан кўра кўпроқ қочқинларни жойлаштиришни давом эттиради. Биз энг муҳтож қочқинларни ҳимоя қилишни давом эттирамиз, бироқ шу билан бирга америкаликлар хавфсизлигини унутмаймиз", деб айтилган давлат департаменти баёнотида.  

Мавзуга оид