Жамият | 09:40 / 27.10.2017
8570
3 дақиқада ўқилади

Туркиялик мутахассис ўзбекистонлик асаларичиларга семинар тренинг ўтказди

Фарғона вилояти Асаларичилик уюшмаси ўқув маркази биносида республикадаги асаларичилар учун ташкил этилган семинар тренингни долзарб мавзуси бўлди.

Хорижий тажрибага таянган ҳолда Ўзбекистонда соҳани янада ривожлантириш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббусига кўра, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда туркиялик профессор, халқаро маслаҳатчи Муҳсин Дўгарўғли тренер сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди.

«Ўзбекистонга учинчи марта ташриф буюришим. Бугун мен кўплаб асаларичилар билан кўришиб, уларга туркиялик асаларичиларнинг тажрибаси ҳақидаги фикрлар билан ўртоқлашаяпман. 400 хилдаги ўсимликлар ўсадиган ва ҳар йили юқори даражада асал йиғиш учун табиий шароитлар мавжуд бўлган Ўзбекистоннинг қулай иқлими асаларичиликни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади ҳамда кўпроқ ҳосил олиш мумкин. Демак, мамлакатингиз сифатли асал етиштирса, бу жаҳон бозорида юқори ўринларни забт этишингизга кўмаклашади», дейди у.

Семинарда асаларичилик асослари, асаларини кўпайтириш ва парваришлаш, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши ишлаш мавзусида ўзаро фикрлар алмашилди. Семинарда иштирок этган элликка яқин фермер ва соҳа мутахассислари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шунингдек, туркиялик мутахассис Ўзбекистонда асарлариларни парваришлаш, мамлакатдаги имкониятлар, технологиялар билан яқиндан танишди.

«Ростини айтсам, Туркияда ариларнинг қутичаларини бирлаштириш учун михдан фойдаланамиз. Мамлакатингизда эса тахталар елим ёрдамида бир-бирига ёпиштирилишига гувоҳ бўлдим. Деярли михдан фойдаланилмайди. Бу технологиянгизни ўргансак ва ўзимизда ҳам фойдалансак бўлади. Бугунги ташрифим тажриба ўргатиш эмас тажриба алмашиш, соҳани қайсидир қисмини ўқитсам, сизнинг тажрибангизни ҳам ўрганяпман», деган Дўгарўғли.

Асалариларни озиқлантирувчи  ўсимликларни маданий тарзда етиштириш ҳам соҳани ривожлантиришнинг бир усули.  Мамлакатимизда  ҳар бир соҳани ривожлантириш устида бош қотирилар экан, албатта асаларичилар ҳам бу борадаги имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, деган ёрлиқдаги асаллари билан халқ манфаатдорлиги юксалишига ўз улушларини қўшадилар. 

Аҳрор Зиё, Фарғона

Мавзуга оид