«Истеъдод» фаолияти тубдан янгиланмоқда. Раҳбариятда катта ўзгариш
Жорий йилнинг 27 июль куни Президент фармонига мувофиқ, жамғарманинг номи «Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш «ИСТEЪДОД» жамғармаси»га ўзгартирилганди. Шу билан унинг тарихида туб бурилиш яратилмоқда.
«ИСТEЪДОД»нинг асл мақсади юқори малакали, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош етук мутахассисларни жаҳоннинг нуфузли таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари асосида тайёрлашдан иборат. Шу орқали республика иқтисодиётининг устувор соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш имконияти пайдо бўлади.
Таъкидлаш жоизки, жамғарма ташкил этилганидан буён ўтган 14 йил мобайнида мазкур мақсадларни амалга ошириш учун жами 12 млрд сўм ажратилган. Эндиликда гап 42 млрд сўм ҳақида бормоқда. Президент фармонига кўра, 2017/18 ўқув йилида жами 600 нафар илмий ходим малака оширишга, шунингдек, 40 нафар илмий ходим докторантура ва 75 нафар талаба магистратура босқичида таҳсил олиш учун чет элнинг энг нуфузли олийгоҳларига юборилиши режалаштирилган.
Ана шу ишларни самарали амалга ошириш мақсадида жамғарма ижрочи директори этиб, шу пайтгача Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети, Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университети, Президент ҳузуридаги Давлат Бошқарув Академияси ректори вазифасида меҳнат қилган Абдужаббор Абдувоҳидов тайинланган.
Ижрочи директор ўринбосарлари эса профессор Абдунаби Пардаев ҳамда собиқ Камолот ЁИҲ МК раиси, Президент Девони ёшлар сиёсати масалалари сектори раҳбари лавозимида муваффақиятли фаолият олиб борган Баҳодир Ғаниев тайинланди.