Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  фармонни имзолади.

Унга кўра, 1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармасининг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилди. 

Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий вазифалари ва мақсадли йўналишлари этиб белгиланди: 

илғор илмий тадқиқотлар ва инновациялар, юқори технологияларнинг янги ютуқларида иштирок этиш, касбий билим, кўникма ва малакаларни замон талабларига ҳамоҳанг тарзда янгилаш, янги касбга, таълимга ва амалиётга йўналтирилган дастурларни ўзлаштириш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, таълим муассасаларининг юксак интеллектуал-ижодий салоҳиятга эга бўлган педагог ва илмий кадрларини ривожланган давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш; 

иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг ҳозир ва келажакда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда таъминлаш учун танлов асосида саралаб олинган олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқларининг малакали кадрларини дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлашни ташкил этиш; 

чет эллардаги нуфузли таълим ва илмий марказлар, халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва изчиллик билан ривожлантириш орқали олий таълим муассасалари, шунингдек, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказларининг ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш; 

вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига улар томонидан чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга тавсия қилинаётган номзодларни Жамғарма базасида дастлабки тайёрлашни ташкил қилишда кўмаклашиш; 

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, педагоглари, илмий кадрлари ва иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни эгаллашлари учун уларнинг нуфузли халқаро симпозиумлар, анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда иштирокини ташкил этиш;