Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, илғор инновацион технологиялар ва фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш учун улкан имконият яратди. 

Бу эса хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларни ўрганиш орқали давлат ва жамоат тузилмалари, иқтисодиёт тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар, педагог ва илмий кадрлар тайёрлаш соҳасини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. 

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида мамлакатдаги ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб этиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташи, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан ўзгартириш лозим. 

Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларини халқаро меҳнат бозорида юқори малакали рақобатбардош мутахассислар, педагоглар ва илмий кадрлар билан ўз вақтида таъминлаш, уларни магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлаш, талабгорларни малака ошириш ва стажировка ўташ, етакчи хорижий таълим муассасаларида таълим олиш учун танлаб олишни такомиллаштириш, уларнинг меҳнат ва илмий-педагогик фаолияти мониторингини олиб бориш, шунингдек, юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчилар ва мутахассисларни олий таълим муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларининг ўқув жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида бугунги кун талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолият йўналишларини, мақсад ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш долзарб масалага айланди. 

Қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Жамғарманинг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилди. 

Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Васийлик кенгаши раҳбарлик қилади.