21:00 / 13.11.2017
33566

Медведев иккинчи марта АСЕАН саммитидаги жамоавий фотосуратни “бузди”

10 ноябрдан бошлаб Филиппин пойтахти Манилада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммити бўлиб ўтмоқда. Бу саммитда шунингдек Россия бош вазири Дмитрий Медведев ҳам иштирок этмоқда.

Фото: Andrew Harnik / AP / Scanpix / LETA

13 ноябрда АСЕАНга кирувчи давлатлар раҳбарлари анъанавий жамоавий суратга тушишди. АСЕАН анъанасига кўра, бирдамликни намойиш қилиш мақсадида раҳбарлар қўлларини чалиштирганча бир-бирларини қўлларини ушлаб, гўёки бир занжирни ҳосил қилгандек суратга тушишади. Бироқ Медведев бунинг уддасидан чиқолмай, қўлларини кенг ёйганча суратга тушди.

Фото: Михаил Климентьев / ТАСС

Эътиборлиси, 2010 йил октябрда ўтган АСЕАН — Россия саммитида ўша кезларда президент бўлган Медведев худди шундай тарзда қолганлардан “ажралиб” суратга тушганди.

Бундай “ўзгачаликни” ҳаттоки Владимир Путин ҳам ўзига ижозат бермаганди. У илк АСЕАН–Россия саммитида ҳамма қатори қўлларини чалиштирганча суратга тушган.

Фото: Алексей Панов / ТАСС / All Over Press / Vida Press

2016 йилда Сочида ўтган АСЕАН-Россия саммитида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АСЕАН бўйича ҳамкасблари билан биргаликдаги суратда бу вазифани уддалай олганди. Бироқ Путин иштирокидаги фотосессияда бундай сурат олинмаган.

Top