Жаҳон | 09:42 / 11.12.2025
2694
3 дақиқада ўқилади

Экспертлар: Россия фронтдаги йўқотишларни қоплаяпти, қўшин сони ошмаяпти

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведевнинг таъкидлашича, уруш учун контракт асосида чақириш режаси деярли бажарилган. Экспертлар эса Россия фақат йўқотишларни қоплаётганини, Украинадаги қўшинлар гуруҳини сезиларли ошира олмаётганини қайд этмоқда.

Фото: Andrey Titov / Business Online / Globallookpress

Украинадаги урушда иштирок этиш учун 2025 йил бошидан бери Россия Мудофаа вазирлиги билан 400 мингдан ортиқ россиялик шартнома тузган, яна 34 минг киши эса “кўнгилли тузилмалар” сафига қабул қилинган. Бу ҳақда Дмитрий Медведев чоршанба, 10 декабр куни, Россия Қуролли кучларини шартнома асосидаги ҳарбийлар билан тўлдириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти томонидан “мақсадли кўрсаткичлар сифатида белгиланган” рақамлар “деярли қўлга киритилган”.

Медведев эсга солишича, январ–июл ойларида 210 мингдан ортиқ киши шартнома тузган, яна 18 минг фуқаро “кўнгиллилар” сафига қўшилган. 2024 йил якунлари бўйича, у аввалроқ хабар берганидек, 450 минг киши шартнома расмийлаштирган, 40 минг нафари эса “кўнгилли бўлинмалар”га ёзилган.

Медведев келтирган маълумотлар Берлиндаги Халқаро хавфсизлик масалалари институти илмий ходими Янис Клюге ҳисоб-китоблари билан мос келмайди. Тадқиқотчи шартнома асосидагиларни жалб қилиш кўрсаткичларини федерал ва минтақавий бюджетлар маълумотлари асосида таҳлил қилган. Унинг баҳолашича, 2025 йил январ–октябр ойларида федерал бюджетдан 260 минг аскарни жалб этиш учун маблағ ажратилган, ҳудудлар харажатлари эса тахминан 280 минг кишини жалб қилиш даражасига мос келади.

Клюгенинг таъкидлашича, агар Медведев баёнотларидан келиб чиқадиган бўлса, ўртача чораклик (уч ойлик) чақирув 100 минг атрофида бўлиши керак, демак, тўққиз ойда бу кўрсаткич 300 мингдан кам бўлиши мумкин эмас. Унинг ҳисоблашича, 2025 йилнинг 10 ойи бўйича ўртача ойлик чақирув тахминан ойига 30 минг шахсни ташкил этмоқда.

«Бу Россия нима учун Украинага ҳужумлари давомида ҳар ой минглаб аскарларни йўқотишга тайёр эканини тушунтириши мумкин, — деб ёзади тадқиқотчи X (собиқ Twitter)да. — Аслини олганда, у ўз аскарларини тирик ўқ-дори каби кўриб чиқмоқда».

Бу хулосага Carnegie Endowment’нинг катта илмий ходими Майкл Кофман ҳам қўшилмади. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Россияда шартнома асосидагиларни ойлик жалб қилиш суръати 30–35 минг киши атрофида баҳоланмоқда. Бу эса қўшинлар гуруҳини кенгайтириш имконини бермайди, чунки ойлик қайтариб бўлмайдиган йўқотишлар 25 минг кишидан ошиб кетади. «Россия қўшинлар сонини кўпайтиришдан кўра, йўқотишларни қоплашга мажбур бўлмоқда», — деб ҳисоблайди эксперт.

НАТОнинг юқори мартабали вакили бундан аввал Британиянинг BBC медиакомпаниясига маълум қилишича, разведка маълумотларига кўра, Украинадаги жангларда ҳалок бўлган ва яраланган рус ҳарбийлари умумий сони 1,15 миллион кишига яқинлашмоқда. Унинг таъкидлашича, Россия армияни шундай суръатда тўлдирмоқдаки, бу суръат амалда кўрилган йўқотишларни зўрға қоплашгагина етади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид