Жаҳон | 21:40 / 13.11.2017
21526
2 дақиқада ўқилади

«У мамлакатни гуллаб-яшнаётган чаманга айлантирди». Имомали Раҳмоннинг қизи отаси ҳақида

Фото: Азия-Плюс

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич қизи Озода Раҳмон «Тожикистон Олий Кенгашининг 16-сессияси: тинчликнинг бошланиши ва барқарорлик» номли рисолада ўз мақоласи билан муаллифлар қаторидан жой олди.

Рисола муаллифлари ана шу сессиянинг муҳим аҳамияти ва янги Тожикистонни яратишда Имомали Раҳмоннинг ички ҳамда жаҳон миқёсида тутган сиёсий йўлини эътироф этади.

«Сессия бўлиб ўтганига ҳам 25 йил тўлди. Халқимиз учун бу давр ўзликни англаш, маданиятни ривожлантиришга имкон берди. Миллат номини жаҳонда эркин ифода этишимизда - сессиянинг ўрни беқиёс», деб ёзади Озода Раҳмон.

Президент қизи ёзган мақоласида отасининг зиммасига юкланган масъулият ва ана шу сессиядан сўнг ҳал этилган этник можароларга тўхталиб ўтган. «Тожикистондаги урушни Имомали Раҳмон тўхтатиб қолди, қолаверса, у мамлакатни гуллаб-яшнаётган чаманга айлантирди», дейилади мақолада.

39 ёшли президент қизи ўтган йили Тожикистон президенти Ижроия девони раҳбари этиб тайинланганди. У юридик фанлар номзоди, 2000 йилда Тожикистон Миллий университетини тамомлаган. Шундан сўнг АҚШнинг Жоржтаун ва Мериленд университетларида таҳсил олган, бироз ўтиб, Тожикистоннинг АҚШдаги элчихонасида дипломат-атташе лавозимида фаолият олиб борган.

2009 йили у Тожикистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев эса Тожикистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди.

Мавзуга оид