Barbie илк ҳижобли қўғирчоқларини намойиш қилди
Американинг Mattel компанияси ўзининг илк ҳижоб кийган Barbie қўғирчоғини намойиш қилди. Қўғирчоқ америкалик қиличбоз Ибтиҳож Муҳаммаддан андоза олган.
"Биз Ибтиҳож Муҳаммадни Barbie қўғирчоқлари сафида кўришдан хурсандмиз! Ибтиҳож бутун дунё бўйлаб хотин-қизларни тўсиқларни енгиб ўтишга илҳомлантиради", - дейилади компаниянинг Twitter саҳифасида.
2014 йилнинг қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони Ибтиҳож Муҳаммад Олимпия ўйинларида ҳижобда намоён бўлган биринчи америкалик спортчи.
Унга асосланиб яратилган қўғирчоқ қўлида қилич ушлаб турибди, унинг кийими эса Муҳаммаднинг қиличбозлик мусобақаларидаги костюмини такрорлайди. Қўғирчоқ 2018 йилда сотувга чиқади.
"Қизларнинг ҳижоб кийган Barbie'ни ўйнаш имконига эга бўлганларидан жуда фахрланаман! Болаликдаги орзуим амалга ошди", - дейди Ибтиҳож Twitter'да.