Жамият | 21:20 / 15.11.2017
9119
3 дақиқада ўқилади

Expo-2025 кўргазмасини ўтказишга даъвогар мамлакатлар номи маълум қилинди

Озарбойжон, Россия, Франция ва Япония Expo-2025 жаҳон универсал кўргазмасини ўтказишга даъвогар мамлакатлар сифатида эътироф этилди. Бу ҳақида Халқаро кўргазмалар бюроси хабар берди. 

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Кўргазма ўтказилишига номзод шаҳарлар - Боку, Екатеринбург, Париж ва Осака. 

Ғолиб 2018 йилнинг ноябрида Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясида аниқланади. Унда 170 мамлакат вакиллари иштирок этади. Унга қадар эса, бир йил давомида махсус комиссия номзод-шаҳарларга бориб, уларни баҳолайди. 

Кўргазма 2025 йилнинг 2 майидан 2 ноябрига қадар ўтказилиши кутилмоқда. Expo кўргазмаси беш йилда бир марта ўтказилади. 2015 йилда у Милан (Италия)да бўлиб ўтганди, 2020-2021 йилларда эса Дубай (БАА)да ўтказилади.

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Таъкидлаш жоизки, Халқаро Expo кўргазмаси - нафақат илмий-техник ютуқларнинг энг йирик халқаро кўргазмаси, балки бутун бир мамлакатнинг тарихи, анъаналари ва маданиятидир. Ушбу кўргазма 1851 йилдан буён турли мамлакатларда ўтказиб келинади ва уларнинг ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлади. 

2025 йилда кўргазмани ўтказишга номзод мамлакатлардан бири бўлган Озарбойжон "Инсон капиталини ривожлантирамиз, энг яхши келажакни қурамиз" мавзусини танлади. 

14 ноябрь куни Париждаги Рояль павильонида Озарбойжон пойтахти Бокунинг халқаро кўргазмани ўтказишга даъвогарлар сафига кириши шарафига қабул ташкил қилинди. Унда Озарбойжон Республикасининг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева иштирок этди ва сўзга чиқди, шундан сўнг мамлакат ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. У катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Фото: Озарбойжон Республикасининг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева

Тадбирда, шунингдек, Озарбойжон ва Франциянинг таниқли ижтимоий-сиёсий арбоблари, дипломатик корпус вакиллари ва бошқа нуфузли шахслар қатнашишди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга Озарбойжон билан боғлиқ сувенирлар, каталоглар ва бошқа эсдалик совғалари топширилди. 

ЭКСПО-2017 - 2017 йилнинг 10 июнидан 10 сентябрига қадар Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган Халқаро кўргазмалар бюроси шафелиги остидаги халқаро ихтисослаштирилган кўргазма. Кўргазма мавзуси "Келажак энергияси" бўлди. Унда 100 давлат ва 10дан ортиқ халқаро ташкилот иштирок этди. Кўргазмага тахминан 4 миллион киши ташриф буюрди, улардан ярим миллиони бошқа мамлакатлардан келган. 

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази