Жаҳон | 07:38 / 16.11.2017
6156
2 дақиқада ўқилади

Австралиянинг БМТдаги ходими Нью-Йоркда ҳалок бўлди

Фото: REUTERS/Amr Alfiky

Австралиялик дипломат Нью-Йоркдаги турар жой биносининг 7-қаватидан йиқилиб вафот этди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Воқеа 15 ноябрда юз берган. Полиция маълумотларига кўра, бу бахтсиз ҳодиса бўлган.

Австралиянинг БМТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган 30 ёшли Жулиан Симпсон бинодан маҳаллий вақт билан соат 02:00да тушиб кетган. Бу вақтда унинг хонадонида кечки базм ўтаётган бўлган.  

“У турли ўйинларни ёқтирадиган одам сифатида таърифланди. У балкон четидаги тўсиқ устида ўтирганда, мувозанатини йўқотиб пастга қулаган”, деб айтди полиция вакили Мартин Браун.

АҚШнинг бир қатор ОАВлари маълум қилишича, гўёки Симпсон суҳбатдошига қанчалик ишонишини кўрсатмоқчи бўлиб ва суҳбатдоши уни ушлаб қолишига ишониб, ўзини бироз орқага ташлаган ва мувозанатини йўқотиб пастга қулаган. Суҳбатдоши уни ушлаб қолишга улгурмаган.  

Дипломат маҳаллий шифохонага етказилган ва у ерда унинг ўлими қайд қилинган.

Нью-Йорк полицияси марҳумнининг жасадини токсикологик текширувдан ўтказмоқчи. 

Seven Network телеканалининг маълум қилишича, Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл дипломатнинг яқинларига таъзия билдирган.

Мавзуга оид