Жаҳон | 22:35 / 18.11.2017
14721
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған НАТО ва АҚШни танқид қилди

Фото: aa.com.tr

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олишга тўлиқ ҳуқуққа эгалигини айтди.

Эрдўған Туркиянинг Суриядаги ҳаракатларини “мутлақ табиий” деб атади. “Суриядан 12 минг км нарида бўлган давлатлар Суриядаги вазиятга аралашишга ҳақли бўлса-ю, Сурия билан 911 кмлик чегарага эга бўлган Туркия қўлини қовуштириб, Сурия ҳудудидан билдирилаётган таҳдидларни инобатга олмаслигими керакми?”, деб ҳайрат билдирган Эрдўған. 

Эрдўған АҚШнинг Суриядаги позициясини қоралади. “ИШИД билан кураш баҳонасида PYD террорчилари сиёсий қўллаб-қувватланмоқда, қуроллантирилмоқда ва пул билан таъминланмоқда. Икки террорчи гуруҳ Раққада келишиб олгани маълум бўлгандан кейин, АҚШ ИШИДнинг юзлаб террорчилари Вашингтон ижозати билан ҳудудни тарк этганларини тан олди. Бу Туркия иттифоқдошларига тўғри келмайдиган шармандали иқрордир. Анқара ҳудуддаги вазиятдан жуда ҳам яхши хабардор. Масала бошқа ерда: АҚШ ўз сиёсатининг оқибатларини англаяптимикин?”, деб савол билан юзланган Эрдўған. 

Эрдўған Туркия Идлибдаги операцияни нафақат якунлашига, балки Суриянинг Африн ва Мюнбич шаҳарларини ҳам жангарилардан озод қилишга ваъда берди. “Туркия миллий хавфсизлиги қўшни Ироқдаги, жумладан Қандилдаги манбаларига ҳам зарба беради”, деб қўшимча қилган Эрдўған.  

Эрдўғаннинг эслатиб ўтишича, Сурия ҳудудидан максимал таҳдид билдирилган даврда НАТО Туркиядаги ракета-зенит тизимларини қайтариб олди ва Туркия ҳудудига ҳужум қилингудек бўлса, Анқарани қўллаб-қувватламаслигини англатиб қўйган. “Бундай ташкилотга ишонч масаласи жиддий саволлар туғдиради”, деб таъкидлаб ўтган Туркия президенти.  

“Туркия ўз ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини мустаҳкамлаш учун Россиянинг С-400 мажмуаларини харид қилиш бўйича музокараларни бошлаганда, НАТОнинг бир қатор давлатлари Анқарани танқид қила бошлади”, деб қўшимча қилган Эрдўған ва буларнинг барчаси НАТО ичида муаммолар мавжудлигини тасдиқлашини айтган. 

Мавзуга оид