Жаҳон | 22:32 / 17.06.2026
821
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россия ва Хитойни «бутун дунёни портлатиб юбормаслик» учун ядровий келишувга чақирди

Россия, Хитой ва АҚШ ядровий бомбалар сони бўйича дунёда етакчи, бироқ улар «дунёни 300 марта портлатиш имкониятига эга бўлмаслик» учун ядровий қуролсизланиш бўйича келишув тузиши керак, деди АҚШ президенти Доналд Трамп G7 матбуот анжуманида.

Фото: AP

Унинг сўзларига кўра, АҚШ энг кўп ядровий каллакларга эга, аммо Россия «унча ортда қолмаяпти», ундан кейин Хитой учинчи ўринда, «лекин беш йил ичида улар, эҳтимол, тенглашади».

«Буларнинг бизга кераги йўқ. Биз бутун дунёни 300 марта кетма-кет портлатишимиз шарт эмас. Бу даҳшат. Агар ядровий қуролсизланиш бўйича келишувга эриша олсак, буни жуда хоҳлардим. Ва бу иккисидан бири [Россия ёки Хитой раҳбарлари] бунга жуда тайёр», деди Трамп.

Май ойи ўрталарида Хитойга ташрифидан сўнг Трамп Хитой раиси Си Жинпинг билан ядросизланиш масаласини муҳокама қилганини ва «ижобий» муносабат олганини айтди. Шу билан бирга, у қуролсизланиш бўйича музокараларга Россияни ҳам жалб қилишни хоҳлашини таъкидлади.

«Денуклеаризация. Мен бу ҳақда Россия ва Хитой билан доимо гаплашаман. Ва бу мавзу энди пайдо бўлди - биз уни муҳокама қилдик», деди республикачи.

2025 йил ноябрь ойида Трамп уч давлат «ядровий қуролсизланиш режаси»ни тайёрлаётган бўлиши мумкинлигини айтди, аммо тафсилотларни ошкор қилмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид