Жаҳон | 10:13 / 22.11.2017
4790
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ироқ ва Афғонистонда болалар жанг қилмайди деб ҳисобламоқда

Фото: AP

АҚШ Давлат департаменти Ироқ ва Афғонистоннинг вояга етмаган шахсларни жанговар ҳаракатларга жалб қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташланишига изоҳ берди: идора расмий вакили Ҳезер Науэртнинг сўзларига кўра, бу қарор “техник” ҳамда кўплаб манбалардан олинган маълумот таҳлили асосида қабул қилинган.

Аввалроқ Рейтер агентлиги идора ҳужжатига таяниб, АҚШ давлат департаментининг тахминан ўн нафар ходими давлат котиби Рекс Тиллерсонга айблов билан чиққани, уни АҚШ қонунини бузишда айблашгани ҳақида хабар берганди.

Дипломатлар маълумотига кўра, Тиллерсоннинг Ироқ, Мьянма ва Афғонистонни юқоридаги рўйхатдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарори АҚШнинг болаларни ҳарбий хизмат қилишини истисно этувчи федерал қонуни бузилишидир.

Науэртнинг таъкидлашича, бу сиёсий эмас, балки "техник" қарор бўлган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Давлат департаменти давлатни ушбу рўйхатга киритишдан аввал турли манбалардан маълумотларни кўриб чиқади.

"АҚШ ҳукуматида ҳеч кимга болаларни ҳарбий куч сифатида қўллаш ғояси ёқмайди", - деди у. Науэртнинг аниқлик киритишича, Тиллерсон июнда жанговар ҳаракатларга вояга етмаган шахсларни жалб қилувчи давлатлар рўйхатига саккиз мамлакатни киритиш ҳақида қарор қабул қилган, сабаби АҚШ "улар болаларни аскарлар сифатида ишлатаётганини билган".

"Иш Мьянма, Ироқ ва Афғонистонга келганида эса, давлат котиби уларни рўйхатга киритмаслик ҳақида қарор қабул қилди, сабаби кўплаб манбалардан олинган ишончли маълумотни ўрганиб чиқди. У барча омилларни кўриб чиқди, ҳамда бу давлатларни рўйхатга киритмаслик ҳақида қарор қабул қилди", - дея айтиб ўтди у брифингда.

Мавзуга оид