Спорт | 10:01 / 25.11.2017
9428
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши енгил атлетикачилари маълум қилинди

Енгил атлетика федерациялари Халқаро уюшмаси (IAAF) Монакодаги махсус тантанали маросимда йилнинг энг яхши атлетикачилари номларини маълум қилди. 

2017 йилнинг энг яхши аёл енгил атлетикачиси бельгиялик кўп курашчи Нафиссату Тиам бўлди. Августда Тиам 23 ёшини қаршилади.

Тиам 2016 йилда Рио Олимпиадасининг олтин медалини қўлга киритганди. Жорий йилда спортчи жаҳон чемпиони, ёпиқ иншоотларда Европа чемпиони унвонларини қўлга киритди. 

Ушбу мукофотга эфиопиялик Алмаз Аяна (узоқ масофаларга югуриш) ва грециялик Екатерини Стефаниди (лангарчўп билан баландликка сакраш) ҳам даъвогарлик қилишганди.

Фото: Мутаз Эсса Баршим

Қатарлик баландликка сакровчи Мутаз Эсса Баршим эса йилнинг энг яхши эркак енгил атлетикачиси деб топилди. Баршим 2017 йилда жаҳон чемпионати ғолиби бўлди.

Ушбу мукофотга Лондондаги жаҳон чемпионатида 10 минг метрга югуриш бўйича жаҳон чемпиони бўлган британиялик Мо Фара ва 400 метрга югуришда олтин медални қўлга киритган жанубий африкалик Уэйд ван Никерк ҳам даъвогарлик қилишди.

Фаолиятини якунлаган, 8 карра Олимпия чемпиони Усэйн Болт уюшма президентининг махсус мукофоти билан тақдирланди. 

“Енгил атлетиканинг порлаётган юлдузи” йўналишида аёллар ўртасида венесуэлалик Юлимар Рохас (уч хатлаб сакраш) ғолиб бўлди. Эркаклар ўртасида бу унвонга Лондондаги жаҳон чемпионатида тўсиқлар оша 400 метрга югуриш бўйича жаҳон чемпиони бўлган норвегиялик Карстен Вархольм лойиқ деб топилди.

Мавзуга оид