Сурхондарёда 9 йил давомида 49 марта кўрилган суд ишини жамоатчилик ҳал қилди
Сурхондарёда 9 йил давомида судларда 49 маротаба кўрилган иш жамоатчилик иштирокида ҳал этилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетаси хабар қилган.
Шеробод туманидаги Пошхўрт қишлоғида яшовчи Тўхта Абдураҳмонов акасининг ўғли тураржойсиз қолганини кўриб, оила аъзолари билан тўнғич ўғлининг уйига кўчиб ўтади, ўзиникини эса вақтинча фойдаланиш учун жияни Шерали Абдураҳмоновга бўшатиб беради. “Аммо яхшилик ёмонлик томон юз бурди. Шерали ака андишасизлигими ёки шайтон қутқуси сабабми, нима бўлганда ҳам, одамгарчиликни бир четга суриб, ночор қолганида ёрдам қўлини чўзган, меҳр-оқибат кўрсатган амакисига тегишли уйни ўзиники қилиб олишга интилди, хиёнат кўчасига қадам қўйди”, деб ёзади газета.
— Тўнғич акам Турсунбойни отамдек улуғ билардим, жиянларимни эса фарзандларимдан кам кўрмасдим, — дейди Тўхта Абдураҳмонов. — Яхшиликнинг мукофоти яхшилик, дейишарди. Афсуски, ҳар доим ҳам шундай бўлавермас экан. Бизга тегишли бўлган уйни ўзиники қилиб олмоқчи бўлган жиянимнинг оқибатсизлиги қалбимни қаттиқ жароҳатлади. Натижада 2009 йили инсультга чалиниб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Тамагирлиги туфайли жияним номига сохта кадастр ҳужжатларини тайёрлаб берган, бизни йиллар давомида овораю сарсон этган кимсаларнинг қилмиши, айниқса, фуқаролик судининг адолатсизлигидан тинка-мадорим қуриди.
Гап шундаки, Тўхта Абдураҳмонов Пошхўрт қишлоғида жойлашган 8 сотих ер майдонига эга 5 хонали уйда оила аъзолари билан 1979 йилдан буён яшаган. Амакисига тегишли уйни вақтинча фойдаланиш учун олган Шерали Абдураҳмонов эса сохта ҳужжатларни рўкач қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат этади. Суд 2013 йил 22 январда бу даъвони қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини чиқарган. Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди кассация инстанциясининг 2013 йил 20 августдаги ажримига биноан, Термиз туманлараро судининг ушбу қарори бутунлай бекор қилинган. Шундан сўнг мазкур масала суд маҳкамаларида копток тўпидек “тепилди”.
Тўхта Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Ойимсоч Ашурованинг айтишича, у вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Қисқа фурсатда вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда адлия бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи масалани маҳалла жамоатчилиги билан ўз жойида атрофлича ўрганиб чиқди. Жамоатчилик асосидаги муҳокамалар масалага ойдинлик киритди: бизга ўз уйимизнинг эшиклари очиб берилди.
Низоли уй ҳақиқатан ҳам Тўхта Абдураҳмоновга тегишли эканлиги ҳақида ҳужжатлар, гувоҳлар кўрсатмаси ҳамда Шерали Абдураҳмоновнинг бунга иқрорлиги масалани ойдинлаштирди. Пировардида Шеробод тумани ҳокими қарорига асосан, фуқаро Шерали Абдураҳмонов ва унинг ўғлига маҳалла ҳудудидан ҳар бирига 6 сотихдан ер ажратилиб, ҳомийлар кўмагида янги уй қуришга келишиб олинди.
“Низоли уй бўйича жабрланувчи томонидан судга тақдим қилинган маълумотлар ҳамда даъвогар қўлидаги сохта кадастр ҳужжатларидаги чалкашликларни обдан ўрганиб, якуний хулоса чиқариш учун олий маълумотли юрист ёки бўлмаса, жуда малакали судья эмас, оддий мактаб ўқувчисининг ҳам зеҳни етарли эди. Шундай бўлса-да, “Ушбу масалада адолатли ва якуний қарор чиқариш, одил судловни қарор топтириш ўрнига шунча йиллик оворагарчиликдан ким манфаатдор эди?” деган ҳақли савол туғилади. Бундай лоқайдлик, бепарволик ҳамда масъулиятсизлик ортидан қанчадан-қанча фуқаролар азият чекаётгани сир эмас-ку!..”, деб хулоса қилади газета.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024