Жаҳон | 09:08 / 01.12.2017
11716
2 дақиқада ўқилади

National Interest Вашингтонга ядро зарбаси берилиши оқибатларини ҳисоблаб чиқди

Фото: Reuters

Американинг National Interest журнали таҳлилчилари КХДРнинг навбатдаги ракета синовидан сўнг, Вашингтонга эҳтимолий ядро зарбаси оқибатларини баҳолади.

Ракета ишланмалари соҳасидаги мутахассисларнинг қайд этишларича, Шимолий Кореянинг имкониятларини, бу давлатнинг сўнгги эришган ютуқлари эътиборга олинса, етарли даражада баҳоламаслик тўғри эмас. Жумладан, олимлар сўнгги ракета синовидан кейин ўтказган ҳисоб-китобларида аниқлашича, Пхеньяннинг "Хвансон-15" ракетаси Американинг исталган ҳудудига зарба бера олиши ҳақидаги баёнотлари уйдирма эмас. Бу ракета белгиланган траекториядан чиқиб кетмаса ва унга енгил жанговар каллак жойланса, нишонга аниқ уриши мумкин. 

Экспертлар таҳлил асосига тротил эквивалентида 250 килотонна бўладиган бомбани олишди. Уларнинг ҳисоблашларича, бундай снаряднинг Америка пойтахти марказида портлашидан бир лаҳзада 413 минг киши ҳалок бўлади, яна 527 минги жабрланади. Нашрнинг ёзишича, Оқ уй, Халқаро жосуслик музейи, Вашингтон монументи, Капитолий ва зарба тўлқини таъсиридаги бошқа барча бинолар вайрон бўлади. Ядро зарбаси берилгудек бўлса, шаҳарнинг марказий қисмидаги инсонлар тирик қолиш имкониятига эга бўлмайди. Шаҳарнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчиларнинг 50-90 фоизи ҳам ҳаёт билан видолашади. 

Бироқ, нашрнинг қайд этишича, КХДР ўз ракета ва ядро дастурини "ядро урушида биринчи зарба бериш учун эмас, балки АҚШни ҳарбий амалиёт ўтказиши ёки мамлакат тузумини ўзгартирмаслик учун уни тийиб туриш мақсадида ривожлантирмоқда".

Ўтган ҳафтада NI журнали мутахассислари Лос-Анжелес шаҳрига шу каби зарба берилиши оқибатларини ўрганиб чиқишган эди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид