Жек Ма 30 йилдан кейин инсоният қандай даврга киришига доир фикрлари билан бўлишди
Инсоният 30 йилдан кейин янги қийинчилик ва имкониятларни ўзида жамлаган, кооперация ва кўп томонлама халқаро ҳамкорликни талаб қилувчи "рақамли давр"га киради. Якшанба куни Интернетни бошқаришга бағишланган IV Жаҳон конференциясида Alibaba интернет-гиганти асосчиси ва раиси Жек Ма шундай баёнот билан чиқди.
"Сўнгги 20 йил ичида интернет нолдан ҳозирги ҳолатига келди, яқин 30 йилда барчаси яна "ноль" кўрсаткичига келади, бироқ бу "ноль" бошқа нарсани билдиради - бирор киши кундалик ҳаётини ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қила олмай қолади, - деди у. - Жаҳон иқтисодиёти бошқа шаклга кирмоқда ва 30 йилдан кейин бутун дунё мисли кўрилмаган имкониятлар ва муаммоларга тўла янги бир даврга киради. Умумий тақдирга эга ягона жамият шаклланади ва барча қийинчиликларни ўзаро хабарлашиб, енгиб ўтишга тўғри келади".
Унинг сўзларига кўра, бугунги кундаги техника инқилоби натижасида рўй бераётган ўзгаришлар кўлами ўтмишнинг новаторлик муқобилларидан кўпроқ аҳамиятга эга бўлиши мумкин. "Шу боис тармоқ майдонидаги муаммолар кўламини муҳокама қилиш тобора долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда", - дея таъкидлади Жек Ма.
Alibaba асосчиси яқин 30 йилда рақамли омил асосий ишлаб чиқарувчи ресурсга айланишини ва шунга мувофиқ, интернет ишлаб чиқарувчи кучга айланишини қайд этди. Унинг фикрича, яқин 30 йилда саноат соҳалари "бандликни оширишни рағбатлантирувчи омил бўлишдан тўхтайди ва уларнинг ўрнини хизмат кўрсатиш соҳаси эгаллайди".
Тармоқ майдонларининг кучи
"Ўйлашимча, агар ҳозир глобал тармоқ бирданига йўқолса, бу ҳодиса натижалари электр энергияси ва нефть маҳсулотлари сурункали танқислигидан-да қўрқинчли тус олади", - деди у ва тармоқ майдони ҳамда рақамли иқтисодиёт истиқболларидан чўчишга ҳожат йўқлигини қўшимча қилди.
"Охирги вақтда бутун сайёрамизда янги технологик давр борасида хавотирлар пайдо бўла бошлади, бу гўёки машиналар инсондан тортиб олиши мумкин бўлган ишчи ўринлари билан, шунингдек, сунъий интеллект "инсоният устидан назорат ўрнатиши" ва ҳатто "инсон зотини қириб ташлаши" мумкинлиги билан боғлиқ, - дейди Жек Ма. - Эслатиб ўтаман: электр энергияси эндигина пайдо бўлганида жамоатчиликнинг баъзи вакилларида у ишсизликни келтириб чиқариши мумкинлиги билан боғлиқ хавотирларни уйғотган эди, бироқ охир-оқибат, электр энергияси инсоннинг турмуш даражасини оширди".
Корпорациянинг директорлар кенгаши раиси ўтган 30 йил ичида инсон кўпинча "робот ролини бажаргани"ни айтди. "Яқин 30 йилда биз машинани инсонга айлантиришни режалаштиряпмиз", - деди у. "Шуни ёдда тутиш керакки, роботнинг биздан фарқли ўлароқ, қалби ҳамда эътиқоди йўқ, - қўшимча қилди Жек Ма. - Инсониятга эса ижодийлик каби хусусият хос, шунинг учун ўз кучига ишониши керак - биз машинани назорат қила оламиз".
Интернетни бошқариш билан боғлиқ IV Жаҳон конференцияси 3-5 декабрь кунлари Учжэнда бўлиб ўтмоқда. Унда 1,5 мингдан зиёд эксперт, Хитой ва хориж давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек 430дан ортиқ компания вакиллари иштирок этишмоқда. Иштирокчилар диққат марказида - тармоқ хавфсизлиги масалалари, глобал рақамли иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари, илғор интернет технологиялар, катта ҳажмдаги маълумотлар борасида халқаро ҳамкорлик.
Мавзуга оид
19:37 / 12.03.2023
«Миллиардерлар ови». Нега Хитойда йирик ишбилармонлар ғойиб бўлмоқда?
20:31 / 03.05.2022
Ма исмли шахс ҳибсга олингани тўғрисидаги хабардан сўнг Alibaba акциялари нархи тушиб кетди
18:21 / 05.11.2021
Жек Ма Хитойнинг энг бадавлат одамлари рейтингида бешинчи ўринга тушиб кетди
14:12 / 26.10.2021