Жаҳон | 19:37 / 12.03.2023
37395
11 дақиқада ўқилади

«Миллиардерлар ови». Нега Хитойда йирик ишбилармонлар ғойиб бўлмоқда?

Феврал ойида Хитойда юқори технологиялар соҳасидаги йирик бизнес-воситачи Бao Фан бедарак йўқолди. Ушбу воқеа Хитойда нисбатан яқинда пайдо бўлган тенденцияга — миллиардерларнинг ғойиб бўлишига яна эътибор қаратишга сабаб бўлди.

Фото: Getty Images

Бао Фан China Renaissance Holdings молиявий компаниясига асос солган бўлиб, унинг мижозлари рўйхатига Tencent, Alibaba ва Baidu каби интернет гигантлари ҳам киради. Компания Хитойдаги технология соҳасидаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади.

Баонинг кутилмаганда йўқолиб қолиши ҳикояси бошқаларники билан деярли бир хил тарзда ривожланди: дастлаб у ғойиб бўлди, бир неча кундан кейин унинг компанияси у «Хитой Халқ Республикасининг тегишли органлари томонидан олиб борилаётган терговга ёрдам бераётгани»ни маълум қилди.

Бао Фан ғойиб бўлиши билан бозорда унинг компанияси акциялари 27 фоизга қулади. Фото: GREG BAKER

Терговни қайси давлат органи олиб бораётгани, унинг мақсади нима экани ва у билан «ҳамкорлик» қилаётган Бао айнан қаердалиги ҳар доимгидек номаълум.

Бу хитойлик бизнес раҳбарининг биринчи марта сирли равишда йўқолиб қолиши эмас. Охирги вақтларда бундай ёқимсиз ҳолат бир неча бизнесмен билан содир бўлди, жумладан Хитой иқтисодиётининг интернет гиганти — Alibaba Group раҳбари ва асосчиси Жек Ма билан ҳам.

Албатта, миллиардерларнинг ғойиб бўлиши кўпчиликнинг эътиборини тортади, бироқ камроқ кўзга ташланувчи фуқаролар ҳам ҳукуматга қарши намойишларда ёки инсон ҳуқуқлари учун кампанияларда қатнашганидан кейин йўқолиб қолмоқда.

Жек Ма 2019 йилда қишлоқ ўқитувчиларига мукофот топшириш маросимида. Фото: WANG HE

Бао Фан билан содир бўлган воқеа машҳур, аммо президент Си Жинпинг Хитой иқтисодиёти устидан назоратни кучайтираётганига ягона мисол эмас деган фикр бор.

Хитой Renaissance компанияси раҳбари ҳар йили ўтказилувчи Бутунхитой халқ вакиллари йиғини (БХВЙ) съезди арафасида «ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш»ни бошлади. Бу сафарги йиғинда Хитойнинг молиявий меъёрий-ҳуқуқий базасини сўнгги йиллардаги энг катта қайта кўриб чиқиш режаси эълон қилинганди.

Хитой ҳукумати молиявий секторни назорат қилиш учун янги ягона назорат органи яратишга қарор қилди. Уларнинг сўзларига кўра, бу орган турли хизматлар Хитойнинг триллион долларлик молия саноатининг турли қисмлари учун жавобгарлиги ортидан келиб чиқувчи қонунчиликдаги бўшлиқларни ёпади.

Биргина 2015 йилда йирик компанияларнинг камида беш нафар раҳбари бизнес ва жамоат ҳаётидан четлаштирилди. Улар сафида Fosun International молиявий ва саноат бирлашмаси раиси Гуо Гуангчанг ҳам бор. Ғарбда у асосан Англия Премьер лигасида иштирок этувчи «Вулверҳемптон» клубига эгалик қилиши билан танилган.

Го Гуанчанг ўз жамоаси ўйинини кўришга келмоқда. Бу унинг қўлга олиниши ва озод этилишидан кейинги фото. Уни нима учун қўлга олишгани ва қўйиб юборишгани жамоатчиликка маълум эмас.
Фото: JACK THOMAS - WWFC

Гуо Гуангчанг 2015 йил декабр ойида бедарак йўқолади, кейинроқ кутилмаганда яна пайдо бўлади. Шундан сўнг унинг компанияси матбуот хизмати Гуангчанг «тергов ишларида ҳокимият органларига ёрдам бергани»ни маълум қилади.

Орадан икки йил ўтгач, хитой-канадалик тадбиркор Сяо Жианҳуа Ҳонгконгдаги қимматбаҳо меҳмонхонадан қаергадир олиб кетилади. У Хитойнинг энг бадавлат кишиларидан бири эди, бироқ 2022 йил коррупция айби билан қамоққа олинди.

2020 йил март ойида, йирик давлат қурилиш компанияси бўлмиш Hua Yuan Property Company раҳбари миллиардер Рен Жиянг Си Жинпингни пандемияга қарши кураша олмагани учун «яланғоч масхарабоз» деб атаганидан кейин ғойиб бўлди.

Полиция фургони Жэн Чжицянни ҳукм чиқарилгач суддан олиб кетмоқда. Кўчмас мулк магнатининг асосий «айби» ҳукумат ва партия доираларига яқин бўлгани ва унинг ҳар қандай чиқиши диққат марказида турганидир.
Фото: NICOLAS ASFOURI

Ўша йилиёқ, атиги бир кун давом этган жуда қисқа суд жараёнидан сўнг, Рен коррупцияда айбдор деб топилди ва 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукумат миллиардер ўз айбига иқрор экани ва ҳукмга эътироз билдириш ниятида эмаслигини маълум қилди.

Аммо йўқолган миллиардерлар ичида энг машҳури Alibaba асосчиси Жек Ма эди. У ғойиб бўлган вақтда (2020 йил охирида) Хитойнинг энг бой одами ҳисобланарди ва у мамлакатнинг молиявий секторини назорат қилувчи органлар ҳақида танқидий гапиргандан кейин йўқолиб қолди. Жек Ма Си Жинпингнинг ташаббуси билан тузилган, ижтимоий тенгсизликни бартараф этишни кўзловчи Хитой коммунистик партиясининг умумий фаровонлик дастурига қарийб 10 миллиард доллар хайрия қилганига қарамасдан шундай ёқимсиз ҳолатга дуч келди.

Хитойда уни икки йилдан бери ҳеч ким кўргани йўқ, унга нисбатан ҳеч қандай айблов ҳам қўйилмаган. Гарчи сўнгги ойларда миллиардерни Япония, Таиланд ва Австралияда кўришгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган бўлса-да, Манинг ҳозир қаердалигини ҳам ҳеч ким билмайди.

Хитой ҳукумати мамлакатнинг баъзи энг бадавлат кишиларининг тергов қилиниши фақат қонун талаблари билан боғлиқлиги ва коррупция илдизларини йўқ қилишга қаратилганини таъкидлашда давом этмоқда. Аммо гап шундаки, гайкаларнинг бу тарзда қаттиқ маҳкамланиши бугунги кунда дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт бўлиб турган Хитой иқтисодиётни ўнлаб йиллар давомида либераллаштириш жараёни ортидан содир бўлмоқда.

Alibaba Amazon’нинг клони ҳисобланади ва истеъмолчилар орасида катта машҳурликка эришган. Компания ҳамон гуллаб-яшнамоқда, лекин унинг асосчиси қаердалиги савол остида.
Фото: CHINA NEWS SERVICE

Ушбу либераллаштириш мамлакатда улкан бойликлари туфайли сезиларли таъсир доирасига эга бўлган бир қатор мултимиллиардерлар пайдо бўлишига олиб келганди.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, эндиликда Си Жинпинг бошчилигидаги Коммунистик партия уларни бу таъсир доирасидан маҳрум қилиб, бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамламоқчи.

Бундай қарашнинг сабаби шундаки, йирик бизнеснинг, айниқса, унинг технология саноати таъсири Си Жинпингдан аввалги раҳбарлар Цзян Цзэмин ва Ху Жинтао сиёсати туфайли кучайган эди.

Илгари Пекиннинг эътибори армия, оғир саноат ва маҳаллий партия органлари каби анъанавий куч ва ҳокимият марказларига қаратилган эди.

Бутунхитой вакиллари қурултойидаги президиум. Си - энг ўртада. У мамлакатдаги бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлашга муваффақ бўлди, энди у иқтисодиёт, жумладан унинг хусусий секторини ҳам ўзига бўйсундирган. Фото: LINTAO ZHANG

Си Жинпинг ҳамон уларни қаттиқ муштда ушлаб турибди, бироқ у ўз назоратини иқтисодиётнинг илгари партия манфаатлари билан қамраб олинмаган тармоқларида, жумладан, юқори технологиялар соҳасида ҳам кучайтиришга қарор қилди. Бу Жинпингнинг ўзи эълон қилган «Умумий фаровонлик» сиёсатини ҳаётга татбиқ қилиш баҳонасида амалга оширилмоқда.

«Баъзида бу жараёнлар инсонларнинг бутун бир гуруҳига аниқ огоҳлантириш юбориш учун уюшитирилади», дейди Тhе Economist Intelligence Unit таҳлил маркази катта илмий ходими Ник Марро.

«Охир-оқибат, бу ҳақиқатан ҳам иқтисодиётнинг маълум бир қисми устидан назорат ўрнатиш ва ҳокимиятни марказлаштириш ниятидан далолат беради, бу сўнгги ўн йилликдаги Си Жинпинг бошқарув услубининг асосий хусусиятидир», дея қўшимча қилади у.

«Пекин ҳали ҳам катта технологик платформалар ва уларнинг асосий ўйинчилари ўз таъсир доирасини кучайтиришидан хавотирда, чунки бу ҳолда улар билан курашиш осон бўлмайди. Улар мустақилликка эга бўлса катта эҳтимол билан Пекин манфаатларига қарши чиқиши мумкин», дейди Albright Stonebridge Group консалтинг фирмасининг Хитой ва технология сиёсати раҳбари Пол Триоло.

Хитойда қашшоқлар ва бойлар орасидаги фарқ катталашмоқда. Бу фарқ бутун дунё бўйлаб ўсиб бормоқда, аммо Коммунистик партия умумбашарий тенгликни тарғиб қилиб келади.

Пекиннинг таъкидлашича, «Умумий фаровонлик» сиёсати муваффақиятининг калити қонун устуворлиги бўлиб, қонун бойлар ва камбағалларга тенг даражада қатъий қўлланиши керак.

Коммунистик партиянинг кўплаб етакчилари жамиятнинг турли қатламлари орасида ўсиб бораётган ижтимоий тафовут муаммоси ҳал этилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши ва уларнинг ўз мансабларини йўқотишига сабаб бўлишидан қўрқади. Баъзи маълумотларга кўра, Си Жинпинг социалистик илдизларига қайтишни хоҳлайдиган коммунистларнинг ўта чап қаноти босими остида.

Аммо миллиардерларнинг сирли ғойиб бўлиши, шунингдек, Пекиннинг бизнесга умумий муносабати жиддий, кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бу фото 2023 йил 5 мартида олинган. Қишлоқдагилар ҳаёти қийинлашмоқда

Баъзи кузатувчилар фикрича, ҳукумат истеъдодли тадбиркорларга босим ўтказишда давом этса, Хитой жаҳон бозоридаги ўрнини йўқотиши мумкин.

«Пекин учун хавф шундаки, технология миллиардерларини нишонга олиш орқали улар келажакда Жек Ма бўлишни хоҳлайдиган соҳадаги ёш тадбиркорларни ҳам қўрқитмоқда», дейди Триоло.

Афтидан, президент Жинпинг буни англаб турибди, шунинг учун у ушбу ҳафта БХВЙ делегатлари олдида сўзлаган нутқида Хитой иқтисодиётида хусусий секторнинг ўрни муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, президент ўша нутқида тадбиркорларни «бой бўлиш билан бирга масъулиятли бўлишга, бой, лекин айни пайтда яхши инсон бўлишга, бой, аммо меҳрибон бўлиш»га чақирди.

Феврал ойида Хитойда янги молиявий тартибга солиш агентлиги иш бошлаганидан сўнг, банкирлар Ғарбдаги «ҳедонистик» (ҳаётдан фақат завқ олишни тарғиб қилувчи таълимот) ҳамкасбларига эргашмаслик ҳақида огоҳлантирилди.

Хитой мудофаа учун харажатларни 7,5 фоизга оширди, аммо бу пулларни қаердандир олиш керак бўлади. Хусусий сектор ва молия хазинани тўлдириб келарди, аммо социалистик тамойилларга аралашарди.
Фото: FUTURE PUBLISHING

Бу Си Жинпингнинг эътиборига тушувчи кейинги объект молия тизими бўлишини аниқ кўрсатиб турибди.

«Охирги ойларда биз молиявий хизматларда ‘Умумий фаровонлик’нинг биринчи аломатларини кўрмоқдамиз. Бу, айниқса, юқори лавозимли ходимлар учун мукофотлар ҳамда менежерлар ва кичик ходимлар иш ҳақлари ўртасидаги фарқларда намоён бўлади», дейди Ник Марро.

Бироқ «миллиардерлар ови» Си Жинпингнинг шахсий қудратини сезиларли даражада оширадими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.

Аммо, яққол аниқ бўлган нарса шуки, Хитой молия бозорлари, бизнеслари ва охир-оқибат умуман иқтисодиётига нисбатан ишонч кескин пасайиши мумкин.

Мавзуга оид