23:14 / 04.12.2017
50934

Момиқчини қийнаётган олти муаммо: шаҳар посёлкаси аҳолиси шаҳарчага хос шароитлар истайди

Навоий вилояти Конимех тумани Момиқчи шаҳарчаси «Тўққизтепа» МФЙдан KUN.UZ таҳририятига мурожаатнома келиб тушди. 19 киши томонидан имзоланган шикоятнинг қисқача мазмуни шундай:

Қишлоқ Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги №68-қарори билан шаҳар посёлкаси тоифасига киритилган. Буни эса шаҳарча аҳли фақат орадан беш йил ўтиб, 2015 йил октбярь ойида ер ва мол-мулк солиғи шаҳарчалар учун белгиланган, орттирилган ставкада тўлашлари кераклиги, боз устига тўлаганлар ўтган 6 йиллик давр учун фарқни ҳам тўлаб беришлари кераклигида билишган.

Бироқ, турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилувчи, 90 та хўжаликдан иборат шаҳарча типидаги ушбу аҳоли пунктида шаҳарчаларга хос бўлган шароит етарли эмас. Чунончи, кўчалар тўлиқ асфальт қилинмаган, уйларга водопровод тармоғи тортилгани билан, ичимлик сувини ҳануз сотиб олиб истеъмол қилишаётганини баён этишган.

KUN.UZ таҳририятининг топшириғи билан Момиқчи шаҳарчасига йўл олдим. Мақола аввалида огоҳлантириб қўйишим керак, таҳририятимизга мурожаат қилган фуқароларнинг исм-фамилиясини бермасликка қарор қилдик. Чунки, KUN.UZ мухбирлари мурожаатлар бўйича етиб бориб, халқнинг муаммоси ва ташвишларини ёритган жойларда айрим зўравон раҳбарлар муаммони ҳал қилиш чораларини излаш ўрнига, «туманимни бутун дунёга шарманда қилдинглар», деб хат ёзганларга зуғум ўтказаётганига ҳам гувоҳ бўлаяпмиз.

Шаҳарчага етиб бориб, дастлаб маҳалла фуқаролари йиғинига кирдим. Лекин у ерда бирор кишини учратмадим. Маҳалла биноси ортида участка нозири учун уй қурилаётган экан, у ерда ишлаётган усталар бу ерлик эмасликларини билдиришди, холос. Шаҳарча марказига келиб, хатда исм-фамилияси бор инсонлардан бирини излаб топдим ва ёзилган мурожаат бўйича келганимни билдирдим. Бирпасда атрофимда тумонат аҳоли тўпланди.

«Ичишга ва суғоришга яроқли сувимиз йўқ»

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан қишлоғимиз шаҳар посёлкаси тоифасига киритилгани билан, шаҳарчага хос оддий шароитлар йўқ. Масалан, ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида шаҳарчанинг бир қисмига 5 йил муқаддам водопровод тармоғи монтаж қилиб чиқилган, бироқ у икки километр наридаги қишлоқда тўхтаб қолган ичимлик сув тармоғига уланмаган.

«Шу шаҳарчамиз ичимлик суви билан таъминланди, деб туманимиз мутасаддилари «Ассалом, Ўзбекистон!» кўрсатувида мақтанишди. Амалда эса сув 5 йилдан буён улангани йўқ», дейди қишлоқ нуронийларидан бири.

Ҳозир аҳолига сув ҳафтасига бир марта (ҳар пайшанба) 20 тонналик юк машинасида (водовозда) келтириб сотилади. Билдиришларича, ичимлик сувининг бир флягаси (40 литр) ни 400 сўмдан харид қилишмоқда.

«Туманда ҳокимлар тез-тез алмашади. Биттаси «бу йили қилиб бераман», деб ваъда бериб бўшаб кетади. Кейингиси келади. Униси ҳам кейинги йилга ваъда беради».

Қишлоқ аҳолисининг экин майдонларини суғориш учун ҳам сифатли суви йўқ. Аҳоли вакилларининг билдиришларича, илгари Навбаҳор тумани орқали Зарафшон дарёсидан яроқли сув шу ҳудудларгача келиб турган. «Бурунғи ҳокимга ёза-ёза захкаш қаздирдик. 2-3 йилдирки, суғориш учун тумандаги далаларда захкаш сувлардан фойдаланилмоқда. Ўзи ер шўр, захкашдан келаётган сизот сувлар ҳам шўр», дейишди улар. Оқибатда, шаҳарча аҳлининг кўп йилдан буён униб-ўсиб келаётган дарахтлари қуриб қолган. Уларнинг кесиб, ўтинликка ишлатишдан бошқа чора қолмаган.

«Еримиз шўр. Ер ости сувлари сатҳи ҳам кўтарилиб кетди негадир. Қачонки дарахт улғайиб ўша сувга илдизи етиб борса — албатта қурийди. Бу тупроқда ўсимликлардан маккажўхори ва беда, дарахтлардан жийдадан бошқа дарахт кўкармаяпти», дейишди улар.

Томорқа хўжаликларида сабзавот етиштириш учун ҳам имконият йўқ. Ер ва сувнинг шўрлигидан ер деярли ҳосил бермайди. «Сектор раҳбарлари томорқалардаги бедаларни бузиб, деҳқончилик қилиш талабини қўйишди. Шу коллектордаги захкаш сувдан суғорамиз. Қаёқда кўкарсин?!»

«Бултур 8 сотихга помидор ва картошка экдим. Гулга кирган вақтда қуриб кетди. Навоийга бориб ветдорихонадан дори сўрадим. Бирортаси кор қилгани йўқ. Хуллас, оғзим қизариб помидор еганим йўқ», дейди маҳаллий миришкорлардан бири.

«Бир пайтлар Зарафшон дарёсининг чучук суви бизгача етиб келиб, ариқларимиздан чучук сув оқарди. Қишлоқ ўртасида ҳовуз барпо этиб, суғоришга, ҳаттоки ичишга ҳам шу сувдан фойдаланардик. Ҳозир бу ерда тўпланаётган сув ҳеч нарсага яроқсиз», деди шаҳарчада истиқомат қилаётган кексалардан бири.

«Наҳотки 2 км нарида тўхтаб қолган ичимлик сувига бизни улаб қўйиш учун 5 йил вақт камлик қилса?» — деб савол беришди момиқчиликлар.

Табиий газ ва электр энергияси

Шаҳарчада табиий газ тармоғи билан таъминланган, бироқ аҳолининг айтишича, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам уларни қийнаб келмоқда. «Ҳозир сиз келишингиздан уч кун аввал газ берилмоқда. Чунки кунлар бироз исиди. Кунлар совиб кетса — газ босими кескин камайиб кетади».

Боз устига, шаҳарча аҳолисини газ тармоғидан узишлари, баллонларда суюлтирилган газ билан таъминланиши ҳақида огоҳлантириб кетишган. Қишки мавсумда иситиш учун кўмир билан таъминланишларини билдириб кетишган. «Қўшни Шўркўл қишлоғи томонларни газдан узишди. Улар кўмир билан таъминлашдан мудом шикоят қилиб юришади. Агар бизни ҳам табиий газдан узишса, муаммоларимиз яна биттага кўпади, деб қўрқиб турибмиз», дейишди момиқчиликлар.

Электр энергияси таъминоти борасида аҳолининг шикояти йўқ.

Чала асфальт, мактаб томон элтувчи чанг кўчалар

Қишлоқ аҳлини қийнаётган муаммолардан яна бири, кўчаларнинг асфальтланмаганидир. Ўзбек тилида таълим берувчи 19-мактабга элтувчи кўчалардан фарзандларимиз ёзда тупроқ, қишда лой кечиб қатнашади. «1200 метр асфальт қилиниши лозим эди. Ёза-ёза, ўтган йили 530 метр жой асфальт қилинишига эришдик. Чала қилиб кетишди. Шугина асфальтнинг сифатидан ҳам қониқиш ҳосил қилиш қийин. Чунки келгуси йилгача бу асфальтнинг сақланиб туришига асло кафолат йўқ», дейишди улар.

Қозоқ тилида таълим олувчи ўқувчилар нариги қишлоқдаги қозоқ тилида таълим беришга ихтисослашган 12-мактабга қатнашар экан. Улар мактаб томон йўл олишиб, йўлни қисқартириш мақсадида темирйўлни кесиб ўтишга мажбур бўлишади. Дам бадам темирйўл линия милицияси ўқувчиларни ушлаб, уларнинг ота-онасига жарима солишаётганини ҳам шаҳарча аҳли муаммо ўлароқ билдириб ўтишди.

Мактабга ўйинқароқ болалар учун серқатнов асфальт йўл бўйлаб бориб-келиш, албатта, хавфли. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖдаги мутасаддилар ёш болаларни темир йўлдан ўтиши учун пиёдалар ўтиш йўлкаси қуриб беришармикин, деган илинжи бор момиқчиликларнинг.

Ишсизлик муаммоси

Момиқчи аҳлининг қийнаётган муаммолардан яна бири — ёшларнинг ишсизлик муаммосидир. «Туманда турли туман кичик ва қўшма корхоналар очилди. Болалар ишга жалб қилинди. Лекин 6 ойга бормасдан ҳаммаси касод бўлиб ёпилиб кетди», дейди маҳалла фаолларидан бири.

«Бирор жойга иш сўраб киришнинг ўзи бўлмайди. Ёзув-чизув билан ишга жойлашсак ҳам ой ўтмасдан қисқартириш келди, деб штатни қисқартириб юборишади. Бир вақтлар бу туман чорвачиликка асосланган эди. Бир ярим миллион қоракўл зотли қўйлар етиштириларди. Ҳозир 153 минг қопти шу қўйлар», дейди яна ўша киши.

«Мана шу ерда ҳам чорвачиликка ихтисослашган бўрдоқичилик комплекси бўлар эди. Германия лойиҳаси асосида барпо этилган эди. 12 минг бўрдоқи қорамол боқиларди. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти ўша ерда меҳнат қилишарди. Темир йўл станциясида ишлар эдик. Кўмир, ем туширардик. Ҳозир, эса бу корхоналар вайрон бўлиб, битиб, тугаб кетган. Шу чорвачилик фермасига Ғиждувондан молларни суғориш учун чучук сув қувури тортилиб келинган эди. Ҳаттоки ўша қувурларгача ковлаб, сотиб юборишди. Энг қизиғи, шу фермани асфальтигача сотиб еганларнинг бирортаси ҳам «урилгани» йўқ, ҳаммаси «юқорига» кўтарилди. Қозоғистонга кетгани — Қозоғистонда, Ўзбекистонда қолгани — Ўзбекистонда. Бу ерда эса халқ ишсиз қолди», дейди нуроний отахонлардан бири.

Экологиядан ёзғиришди

«Туманимиз Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани билан чегарадош. Ер ости табиий бойликларини, маъданларни қазиб олишда турли кислоталар ишлатилади. Кислота ортилган поезд составлари шу ердан олиб ўтилади. Навоий кон металлургия комбинатининг алмашинув базаси бор. Заҳарли моддалар шу ерда қуйилади. Ёз фаслида нафасни бўғадиган қўланса сариқ тутун ҳосил бўлади. Ғиждувон узоқ — бор зарари бизга, лекин НКМК ҳеч қандай коэффициент компенсация тўламайди — 2012 йилда олиб ташлашган. 45 км наридаги Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига эса тўланади. Мутасаддилар бу борада ҳам бизга ёрдам қилишларини сўрар эдик».

* * *

Мўъжаз бир шаҳарча аҳолисини қийнаётган муаммолар мана шулардан иборат. Албатта, биз мутасаддилар аҳолини ташвишга солаётган муаммоларга эътибор қаратишади ва Момиқчи аҳолисига ёрдам қўлини чўзади, деган умиддамиз. Биз ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ махсус мухбири.

Top