Жаҳон | 16:10 / 05.12.2017
9064
2 дақиқада ўқилади

683 млрд доллар. Трампнинг мудофаа бўйича "иштаҳаси" тобора кучаймоқда 

Фото: Getty Images

Президент Дональд Трампнинг АҚШ ҳарбий қудратини янада кучайтириш бўйича режаларини амалга ошириш яқин 10 йил ичида 683 миллиард доллар миқдорида қўшимча маблағларни талаб этади. Бу ҳақда Defense News нашри АҚШ Конгрессининг Бюджет бошқармаси ҳисоб-китобларига таянган ҳолда хабар берган.

Нашрнинг таъкидлашича, Бюджет бошқармаси ҳисоб-китобларининг эълон қилиниши Трамп президентлиги биринчи йили якунланишига бағишланди. У шу 1 йил ичида мамлакат “ҳарбий қудратини тиклаш бўйича берган ўз ваъдаларини бажаришда муваффақиятларга унчалик ҳам эришмади”.

Трампнинг сайловлардан аввалги “мудофаа ваъдалари”, деб эслатади efense News, хусусан, ўз ичига мамлакат Қуролли кучларидаги ҳарбий хизматчилар сонини аввалги президент Барак Обама маъмурияти мудофаа режалари билан таққослаганда 10 фоизга, жанговар кемалар миқдорини – 20 фоизга, бошқа қурол-яроғлар ва ҳарбий техника харидини – 12 фоизга оширишни қамраб олган. 

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис Конгрессда шу масала бўйича чиқиш қилиб, Трамп маъмурияти “ҳарбий қурилишга” 2019 йилда киришиш ниятида эканини хабар берди.

Бу режаларни бажариш учун, Бюджет бошқармаси ҳисоботида кўрсатилишича, 2027 йилга келиб мамлакат мудофаа харажатларининг базавий сметасини 688 миллиард долларга етказиш керак бўлади, бу АҚШнинг 1980-йиллардаги мудофаа харажатларидан 20 фоизга ортиқ. Ҳисоботда таъкидланишича, бу ҳисоб-китобларда АҚШнинг хориждаги ҳарбий амалиётлари инобатга олинмаган, сабаби "ҳозирги зиддиятлар тушунарсиз бўлиб турибди ва янгилари бошланиш арафасида".

Мавзуга оид